ЖССТ одамларни огоҳлантирди: Пандемиянинг янги хуружи кузатилиши мумкин
“Айни вақтда инсоният коронавирус инфекцияси тарқалиши тўлқини биринчи босқичининг ярмида турибди. Бунинг ортидан юқори эҳтимол билан касаллик тарқалишининг иккинчи хуружи кузатилади”, дея таъкидлади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан.
Мутахассис баёноти Женевада бўлиб ўтган брифингда эшиттирилди. Райан ҳар бир давлатда COVID-19 инфекциясига чалинганларнинг ҳақиқий сони нисбатан кўпроқ бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, айни вақтда инсоният пандемиянинг биринчи тўлқинини бошдан ўтказяпти. Бироқ бир неча ойдан сўнг дунё бўйлаб пандемиянинг янги хуружи кузатилиши мумкин.
“Касаллик исталган дақиқада авжига чиқиб кетиши эҳтимоли ҳам бор, - деди у. - Бундай ҳолат 1919 йилда “Испанка” пандемияси даврида кузатилган”.
Унинг сўзлари кўра, айни вақтда гап иккинчи тўлқин ҳақида эмас, иккинчи хуруж ҳақида кетмоқда. Навбатдаги тўлқин эса грипп мавсуми даврида кузатилиши мумкин.