Журналист ким ва журналистика нега керак?

Бу соҳа жамиятнинг очиқ ва фаол бўлиши учун муҳим восита ҳисобланади. Давлат ва халқ ўртасидаги боғловчи кўприк, аҳолини хабар ва янгиликлар билан таништирувчи, жамиятдаги оғриқ нуқталарни оммага олиб чиқиб, шу соҳаларга эътиборни кучайтиришга хизмат қилувчи соҳа.
Журналистика нима?
Журналистика - ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш, текшириш ва жамоатчиликка етказиш санъати ва илми. Ижтимоий воқеаларни ёритиш, ахборотни тарқатиш орқали одамларни хабардор қилишга хизмат қилади.
Журналист нима учун керак?
Ахборот етказувчи. Журналистлар одамларга ҳаётдаги муҳим воқеалар, сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳалардаги янгиликларни етказади. Улар ҳукумат, компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини кузатиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Махфий ёки нотўғри маълумотларни очиб, коррупция ва қонунийликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Журналистика орқали одамларнинг фикрлари шаклланади, муаммоларга эътибор қаратилади, ижтимоий ўзгаришларга туртки берилади. Илмий, маданий, таълимий мавзуларни кенг ёритиб, жамиятнинг маърифий даражасини оширади.
Қисқача айтганда журналистика - бу ҳақиқатни излаш ва ошкор қилиш санъати, журналист эса - жамият учун ахборотни етарли ва ҳаққоний етказувчи, демократик ва очиқ жамиятнинг муҳим устунидир.
Лекин журналистнинг тўғри сўзи, танқидини кўтара олмайдиган амалдорлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Тўғри сўз ёки танқиднинг кимга азиз, кимга эса қадрсиз бўлиши кўп жиҳатдан уни қабул қилишга, шахсий муносабатга ва вазиятга боғлиқ.
Тўғри сўз ҳақиқатни қадрловчи одамларга, ҳақиқатни эшитиш ва билишни хоҳловчиларга, ростгўйликни қадрлаганларга азиз. Ишонч ва самимийликка асосланган муносабатларда танқид ва конструктив сўзларни қабул қиладиганларга, ўзини ислоҳ қилмоқчи бўлган инсонларга, хатоларини тўғрилашни истаган, ўзини яхши томонга ўзгартиришга тайёр бўлганларга азиз ва қадрли.
Аксинча, ҳақиқатни қабул қилмайдиган ёки уни рад этадиганлар, ўзини ҳаққоний деб билмайдиган ёки ҳақиқатни эшитишни хоҳламайдиганлар, ўзини алданган ёки заиф ҳис қилган шахсларга тўғри сўз қадрсиз бўлади. Ўта ғурурли ва ўзини ҳаммадан устун деб билувчилар ҳам ҳақиқатни эшитишни рад этиши мумкин.
Кейинги йилларда жамиятимизда енгил ахборот тарқатувчилар, шов-шувга йўғрилган материалларни тарғиб қилувчилар кўпайди. Аслида бу муаммо фақат бизда мавжуд эмас, буни ривожланган ғарб давлатлари ҳам бошдан ўтказган. Лекин биздан фарқли ўлароқ уларда ахборот, бизнес, сиёсат, шоу-бизнесга ихтисослашган алоҳида медиа гуруҳлар фаолият олиб боради ва асосланмаган маълумотларни тарқатганлик учунг жуда катта жарималар тўланади. Бизда бу тизим яқин йиллардан буён ривожланиб келмоқда. Лекин ҳозиргача блогер ёки влогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда омма эътиборини тортиш учун ёлғон маълумот тарқатиш ёинки кичик ҳодисани бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари учрамоқда. Бу аҳолининг ахборотга эҳтиёжи ёки жамиятдаги воқеаларга бефарқ эмаслигидан далолат беради. Фақат бир муаммо борки, одамлар ахборотни текширилган ёки холислигини ажратмай, унга ишонишида.
Блогер журналист бўлиши мумкинми, блогернинг журналистдан фарқи нима? Бу саволлар кўп айтилади. Албатта блогер ҳам журналист бўлиши, ахборот тарқатиши мумкин. Блогер одатда мустақил иш юритади, соҳа бўйича таълим олмаган, касбий этикани ҳам билмаслиги мумкин. Тарқатаётган ахборотининг тўғри ёки ишончлилигини текширмаслик эҳтимоли юқори, эълон қилинаётган материалда субъектив ва таассуротлар-ҳиссиётларга кўпроқ эътибор қаратади ва асосийси ахборотни тезда оммага тарқатади. Журналист эса касб этикаси, тарқатаётган ахборот медиа маконда салбий таъсир кўрсатмаслиги, маълумотларнинг холис ва ишончлилигини текшириш ва тарқатишига вақт сарфлайди. Натижада ахборот бироз кечикади, лекин ишончли, аниқ маълумот етказилади. Блогерлар орасида ҳам ахборот холислигини текширадиган, медиа этикаси ва касбий стандартларга риоя этадиган, ўз аудиториясига фактларга асосланган сифатли маълумот бера оладиганлар ҳам талайгина.
Одамлар шов-шувли хабарларни ўқишни истайди. Қолаверса блогерларнинг маҳсулотлари осон тушуниладиган бўлгани учун уларга қизиқиш юқори. Журналистик мақолалар кўпинча расмий тилда ёзилгани боис, оддий одамларда кам қизиқиш уйғотади.
Журналистиканинг муаммоси нимада?
Бу каби муаммолар юқорида айтганимдек энг ривожланган давлатларда ҳам бўлган. Вафқ ўтиши билан жамиятнинг ўзи сифатли ва ишончли ахборот тарқатувчи холис ахборот манбаларини танлаб олади. Бугунги журналистикада фақат блогер ёки влогерларнинг шов-шувга асосланган нохолис ахбротидан кўра, журналистнинг суриштирув ўтказиб, холис ўрганган ва эълон қилинган материали эътиборсиз қолирилиши энг катта муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳар бир оммавий ахборот воситаси, газета, телевидение ёки радио бўлсин одамлар ишонганидан, муаммосига ечим бўлишига умид қилганидан, “тўртинчи ҳокимият” сифатида билганидан мурожаат қилишади. Журналист бир неча ҳафта (гоҳида ой)лаб вақт сарфлаб суриштирув ўтказиб мурожаатни ўрганиб, муаммони оммага эълон қилади. Афсуски, айрим идоралар ўз соҳасидаги муаммо ёки тизим ходимининг айби туфайли юзага келган ҳолатларга эътибор қаратмайди. Жуда кўп бўлса “Назоратга олинди, ҳолат бўйича алоҳида муносабат берилади” мазмунидаги хабар эълон қилинади. Аслида, бугун журналистика жамиятда иллатларни очиб берувчи, коррупция, монополия, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли муаммоларни ўрганиб ҳукумат эътиборини шу соҳага қаратиш ва тизимдаги бўшлиқларни кўрсатиб бера оладиган соҳа бўлиши керак. Бу соҳа жамиятнинг марказида бўлиб қайси йўналишда бўшлиқлар кузатилса, тартибга соладиган жамият “санитар”ига айланиши лозим.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.