Журналистика нонини ейишга темирдан тишларингиз борми?

Азиз дўстим!

Фикрларимни мактуб шаклида қоғозга туширишга сабаблар кўп. Чунки журналист бўламан, дея аҳд қилган ёш ука, сингилларимга айтадиган гапларимиз тўпланиб қолди. Кейинги йилларда амалиёт ўташ учун таҳририятимизга кўплаб талабалар келяпти. Ўзбекистон журналистлари уюшмаси вилоят бўлими қошида ташкил этилган “Маҳорат мактаби”да ҳам қўлдан келганча касб сир-асрорларини ўргатаяпмиз. Лекин улар билан суҳбатлашар эканмиз, касбга нисбатан муносабатда ўзимиз кутмаган бошқача ёндашувларни кузатяпмиз.

Бугун фақат ёшлар эмас, журналистика ҳам ўзгариб кетди. Одамлар телевизор кўрмай қўйди, газета ўқимаяпти, дея ёзғириш осон. Ҳатто зиёлиларнинг қўлидан телефон тушмайди, қисқа хабарлар, бачканароқ видеоконтентлар – аксар замондошларимизнинг маънавий, ахборий озуқаси шулар бўлиб қолди. Аммо шундай экан, дея қўл қовуштириб бўлмайдику. Сиз, ёшлардан бу масалада умидимиз катта! Чунки ҳақиқатан ҳам соҳага қизиқаётган ва ўз сўзини айта оладиган ёшлар орамизда кўп.

Ўтган гал амалиётга келган талабаларнинг аксарияти ўқишни тугатгач, бу соҳада ишламаслигини очиқдан-очиқ айтишди. Чет тилларни чуқурроқ ўрганиб, даромадлироқ, кўпроқ маблағ келтирадиган соҳани танлаётганларини билдиришди. Уларнинг бу иқроридан бир томондан хурсанд бўлсам, бир жиҳати қаттиқ хафа қилди. Фикрларини хаспўшламай, очиқча билдиргани яхши, чунки пулга қизиққан, доим даромадни ўйлаган одамдан ростдан ҳам яхши журналист чиқмайди. Лекин иккинчи томондан улар касб танлашни нега олий таълим даргоҳига кирмасдан аввал бошламади экан? Оилада бу ҳақда фикрлар билдирилмадими, деб ўйлаб қоламан. Биз нима демайлик, касб танлаш, болага тўғри йўналиш кўрсатиш аввало ота-онанинг вазифаси. 

Яхши эсимда, мактабнинг 5-6 синфида ўқирдим, чамаси. Ўша пайтлар вилоят газеталари “Ленин йўли” ва “Ленинский путъ” (ҳозирги “Зарафшон” ва Самаркандский вестник” газеталари) ҳафтада беш маротаба нашрдан чиқарди. Менинг асосий вазифам, шу газеталарни дадамнинг столига келтириб қўйишдан иборат эди. Уйимиз яқинидаги киоскка ҳаммадан аввал боришга ҳаракат қилардим. Чунки газеталар тугаб қолиши мумкин эди. Агар ўша куни газеталар уйга келмаса, дадамдан жиддий гап эшитардим, шунинг учун бу ишга жуда масъулият билан қарадим.

Газеталарни олиб келардиму, ўзим ҳам ўқиб чиқардим. Мақолалар муаллифларни жуда бошқача инсонлар деб тасаввур қилардим. Мен ҳам шундай мақолалар ёзсам эди, деб орзуга берилардим. Хуллас, айтмоқчиманки, журналистика мен учун курьерликдан бошланган.

Кўп китоб ўқирдим, дадам баъзи китобларни ҳали ёшсан, дея ўқишга тақиқлаб қўйсалар-да, уларни ҳам яшириб ўқишга ҳаракат қилардим.

Айтмоқчиманки, инсон ўз мақсадини ҳали олий таълимдан олдин аниқлай олса, мақсадларига етишда тўғри йўлдан бориши ҳам осонроқ кечармиди.

Эҳтимол, талабаларга топшириқ бераётганда биз ҳам бироз сусткашлик қилаётгандирмиз, деб ўйлайман баъзида. Айниқса, қиз болаларга у ёки бу ҳудуддан мақола қилиб келинг, фалон касб эгаси билан суҳбатлашинг, фикрларини билинг, дея қатъий топшириқ беришга баъзида иккиланиб қоламан. Ҳали ёш бўлса, фалон ташкилотга борса, унга яхши муносабатда бўлишадимиёки бирон ноўрин гап-сўз бўлса касбга интилиши сўниб қолмасмикан, деган хавотир ҳам бўлади.

Бизнинг устозларимиз бу борада қатъийроқ бўлганми, деб ўйлайман. Чунки илк суҳбатим кечагидек эсимда.

 “Регистон” газетасида ўтган амалиёт пайтимиз  Гулчеҳра Алибоева Самарқанд шаҳрида яшовчи имконияти чекланган бир аёл хонадонига суҳбатлашиш учун жўнатгандилар. Ўшанда талаба эдим ва биринчи марта мақола тайёрлаш ниятида кимнингдир уйига бориб, суҳбатлашишим керак эди. Тўғриси, ҳали ёш бўлганим аёлнинг жуда ночор оилавий ҳолати туфайлими саволларим ёдимдан чиқиб, йиғлагим келаверди. Кейин ўзимни қўлга олиб, у-бу нарсаларни сўраб олдим. Шу жавоблар асосида нималардир қораладим. Лекин мақола ҳиссиётга тўла эди. Кейинчалик иш фаолиятимни бошлагач, тушундимки, қаҳрамонларинг билан суҳбатлашиш учун ҳиссиётлардан кўра, билим, самимийлик, суҳбатдошингни яхшироқ билиш ва унга тўғри ёндашув муҳим экан.

Ундан кейин жуда кўп инсонлар билан суҳбатлашдим, улар орасида таниқли олимлар, зиёли, шифокору таълим фидойилари, амалдорлару оддий деҳқонлар, умуман, жамиятнинг барча қатлами вакиллари бор. Англадимки, журналист ҳар қандай даврада ўзлигини сақлаб қолиши баробарида ўша даврага мос тарзда ҳаракат қилиши лозим экан. Дейлик, сен кам таъминланган оилалардаги вазиятни ўрганиш учун борар экансан, у ерга ҳар куни ишга киядиган кийимларингни кийиб боролмайсан. Бу журналистиканинг ўзига хос этикаларидан биридир. Билим билан бир қаторда оддий кийим ҳам қаҳрамонингни гапиртиришда муҳим аҳамиятга эга. Оддий бир оилага ҳашамли кийиниб борар экансан, бу оила аъзолари сенга кўнглини очолмайди, минг истасанг-да, улар билан самимий суҳбат қуролмайсан.

Журналистиканинг нозик сир-асрорларини ўқишнинг тугатиб, бир нечата кўнгиочар газеталарида ишлаганимдан сўнг, вилоят “Зарафшон” газетасига келганимдан сўнггина яққолроқ англадим. Профессионал журналистик фаолиятимни айнан шу ерда бошладим, десам ҳеч муболаға қилмаган бўламан. Сабаби, бу масканда ёзаётган ҳар бир сўзингга нечоғлик жавобгар бўлиш мумкинлигини, одамлардан келаётган мактублар сен ёзаётган мақолангдай қадрли эканлигини, айниқса, мурожаатлардаги шикоят мотиви жуда чуқур ўрганилиши, танқидий мақолалар фақат бир инсоннинг фикри билан эмас, шу соҳа вакиллари ва холис экспертлар ёндашуви билангина  газета юзини кўриши кераклиги ва бошқа, соҳага доир юзлаб нозикликларни айнан шу ерда ўргандим.

Айтмоқчиманки, журналист бир умр ўрганиши керак маҳкум экан. Тўрт йиллик сабоқ сизга бир умрлик билимни бермайди. Тўғри, ҳамма соҳада ҳам ўқиб-изланиш лозим. Лекин журналистикада бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ бир неча ой ўрганган нарсанг, битта мақола билан якун топиши, яъни бу билимлар бошқа асқотмаслиги мумкин.

Ҳар бир мақола битта даража, сенга нисбатан муносабат дегани. Шунинг учун нафақат танқидий мақола, ҳатто у ёки бу соҳада ютуққа эришаётган инсонлар ҳақда мақолаларга ҳам баъзида эътироз бўлиши турган гап. Бир марта шундай ҳолат кузатилганди. Жуда кўп натижаларга эришган таълим муасассаси ҳақда мақола тайёрлашимга тўғри келди. Бордим, кўрдим, ўргандим. Бошқа ҳудуддаги соҳа вакилларидан ҳам фикрларини сўраб билдим, ишончим комил бўлгач мақола ёздим. Мақола эълон қилингач, яхши фикрлар билдирилди. Аммо бир телефон қўнғироғи ҳеч тинчлик бермасди. У ўша таълим муассасаси бундай мақолага муносиб эмаслиги, мен журналист сифатида холис йўл тутмаганимни айтди. Афсуски, кейин билсам, аноним қўнғироқ эгаси мақолам қаҳрамони “курси”сини кўзлаб юрганлардан бири экан.

Яна бир ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди.  Бундан анча йиллар аввал Самарқанд шаҳридаги боғчалардан биридан шикоят тушди. Шикоятни ўрганиш давомида ундаги камчиликлар тасдиғини топганини кўрдим. Тўғриси, ҳатто ота-оналар билан суҳбатлашишга ҳам эҳтиёж йўқ эди, сабаби камчиликлар кундай равшан эди. Шунинг учун боғчадан келибоқ танқидий мақолани ёзишга киришдим. Мақола эълон қилинди. Қайсидир маънода вазифамни бажардим, виждонимга хилоф иш қилмадим, таҳририятга келган ва менга топширилган шикоят хатини “ёпдим”. Аммо буни қарангки, иш ҳали тўлиқ ёпилмаган экан. Орадан анча муддат ўтгач, ҳузуримга ўша боғча мудираси, ёши улуғ отахон билан кириб келди. Собиқ боғча мудираси (у мақоладан сўнг ишдан четлатилган эди) бу боғчада жуда кўп ишларни амалга оширгани, лекин унинг жойига кўз олайтирганлар борлиги ва улар тўғри ишлашга қўймаётганлигини айтиб йиғлади. Аёлнинг отаси мени бу мақолани эълон қилиб нотўғри иш қилганимни айтди. Бу гаплар кўнглимга тегаётган бўлса-да, аммо уларни индамай охиригача эшитдим. Барча фикрларини гапириб бўлгач, мен мақолани уларга кўрсатдим. “Уни ўқидингизми?”, деб сўрадим. Мақолани ҳатто ўқимаган экан улар. Мен боғчадаги камчиликларнинг ҳатто ярмини ҳам мақолага киритмаганимни далил ва фактлар билан айтиб берганимдан сўнг, улар кўнглидагиларини айтиб қўя қолишди. Ушбу боғчага яқиндагина каттагина пора билан ишга кирганини айтиб қолди. Мақоланинг бундайин кутилмаган “натижаси”  фикрларимни ағдар-тўнтар қилиб юборди. Демак, мақолага муносабат сифатида боғча мудираси ишдан олиняптию, лекин кейин яна кимнингдир фалон сўмли пораси эвазига бошқа биттаси амал курсисига келиб ўтирарканда?! Демак, менинг мақолам кимларнингдир яна пора олишига сабаб бўлар экан-да, деб жуда кўп куюнгандим.

Журналистлик касби шундай – сен айтаётган сўз кутилган ва кутилмаган натижаларга тўла. Фақат йиллар ўтиши билан тажрибанг ошиб, бу сўзларинг нечоғли таъсир қилишини англаб борасан ва шунга қараб ёзишга, фикрлашга ҳаракат қиласан. Тўғри, бу қайсидир маънода фикрларингни чеклаши мумкин, аммо энди ўқни нишонга тўғрироқ мўлжаллай бошлайсан. Бу гап ҳам бир қараганда нисбий. Чунки бугун сўзга минг хил тўн бичиб кийгизаётганлар орасида ўз ҳақиқатингни айтиш чинданам қаҳрамонлик бўлиб қолди. Муҳими, бу ҳақиқатингни холислик ва адолат ила етказа олишда. Айнан шу ерда адашмасак бўлгани, азиз дўстим.

Журналистиканинг нони қаттиқ, дея кўп айтган устозларимиз. Буни йиллар ўтиб тушуниб бораверар эканмиз. Ва юрагида касбга муҳаббат, меҳр бўлмаса бу соҳада қолиш қанчалик мушкул эканини англаб бораверамиз. Муҳими, хатоларимиздан хулоса чиқариб, кейинги гал адашмаслигимизда. Хўш, Сиз шунга тайёрмисиз? Журналист нонини ейишга темирдан тишларингиз борми? Унда кетдик, биз Сиз биланмиз!

Гулруҳ МЎМИНОВА.