Журналистик “маҳсулот”нинг жамиятга таъсири бор

Самарқанд давлат чет тиллар институтида халқаро журналистика йўналиши талабалари ва журналистлар билан давра суҳбати ташкил этилди
Тадбирда тажрибага эга, маҳоратли журналистлар ўз фаолиятини ҳаётий мисоллар орқали талабаларга гапириб беришди.
- Журналистика факультетини битирган талабаларнинг барчаси мухбир бўлолмаслиги мумкин, - деди вилоят телерадиокомпанияси мухбири Зилола Пирназарова. - Ҳаётда бошқа соҳа кишилари ичидан ҳам етук журналистлар чиққан ва улар бугун биз билан ёнма-ён меҳнат қилмоқда. Муҳими, бу касбни астойдил севиш, фидойилик керак.
- Бугун журналистлар нафақат давлат ва халқ ўртасида, балки давлатларни боғловчи кўприк вазифасини ҳам бажаряпти, - деди вилоят "Зарафшон" газетаси масъул котиби Абдуғофур Шерхолов. - Ахборот асрида яшаётганимиз журналистларнинг масъулиятини, одамларнинг ахборотга бўлган талабини оширмоқда. Ишончли ва сифатли ахборотни топиш, уни оммага етказиш журналистдан катта медисаводхонлик талаб этади. Чунки бугун тарқатилган биргина ёлғон ахборот эртага кўнгилсизларга сабаб бўлиши мумкин.
Давра суҳбати давомида журналистлар таҳлилий мақола тайёрлаш ва уни халққа етказиш, телевидение ҳамда радио фаолияти ҳақида маълумотлар беришди. Бўлғуси журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.