Сулҳ амалда, АҚШ Эронга 30 миллиард доллар сармоя таклиф қилмоқчи

Оқ уй Эронга уранни бойитишдан воз кечиши эвазига ўзининг фуқаролик ядровий дастурига 30 миллиард доллар сармоя таклиф қилишни кўриб чиқмоқда, деб ёзади CNN.
АҚШ пулни минтақадаги ҳамкорлар томонидан тақдим этилишини маъқул кўради. "АҚШ бу музокараларни олиб боришга тайёр. Кимдир ядровий дастур қурилиши учун пул тўлаши керак. Аммо биз бу мажбуриятни ўз зиммамизга олмаймиз", деди Трамп маъмурияти расмийси.
Шунингдек, Эронга уранни ядровий бомба яратишга имкон берадиган даражада бойитмагани эвазига санкцияларни юмшатиш ва музлатилган 6 миллиард долларлик активларга кириш таклиф қилиниши кутилмоқда.
Ҳозирда яна бир ғоя илгари сурилган: Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари Фордодаги ядровий иншоотни фуқаролик ядровий дастурига айлантириш учун пул тикиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 13 июнь куни Эрон ядровий дастури билан боғлиқ объектларга зарба беришни бошлади ва 22 июнь куни Эрон ядровий иншоотларига Америка бомбалари ташланди.
Бир кун ўтиб, Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борганини эълон қилди. 24 июнь куни Эрон ва Исроил ўт очишни тўхтатишга рози бўлганликларини эълон қилди. Айни пайтда сулҳ амалда.