Журналистлар сардори ёшлар билан учрашди, китоб тақдимотларида қатнашди
Самарқандда давом этаётган “Медиа ҳафталик” тадбирлари доирасида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов Самарқанд давлат чет тиллар институтининг халқаро журналистика йўналиши талабалари билан учрашди.
Мулоқотда уюшманинг ёшлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти, ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
– Айни пайтда уюшма фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилаётган дастурда уюшма аъзолигига қабул қилиш ёшини пасайтириш, журналистика йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларнинг тўлов шартнома пулини тўлаб бериш, таниқли журналистлар номидаги стипендиялар жорий этиш, ёш мутахассисларнинг хорижда малака оширишини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда, – деди Ш.Орипов. – Шунингдек, соҳа учун кадрлар тайёрлаётган олий ўқув юртлари билан ҳам яқин ҳамкорликни йўлга қўямиз, блогерлар клубларини тузмоқчимиз. Сизлардан пухта билим эгаллаш, замонавий ахборот технологиялари ва хорижий тилларни яхши ўзлаштириб, профессионал журналист бўлиш талаб этилади. Бугунги шароитда буларсиз яхши мутахассис бўлишингиз қийин.
Учрашувда талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга уюшма раҳбари ва самарқандлик тажрибали журналистлардан жавоблар олдилар.
Шундан сўнг, мазкур институтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимива “Овози Самарқанд” газетаси ҳамкорлигида чоп этилган “Замонавий журналистика ва сунъийинтеллект: истиқболлар ва муаммолар”, таниқли журналист, соҳа бўйича эксперт Беруний Алимовнинг “Журналистикада сунъий интеллектдаври” ҳамда “Зарафшон” газетаси таҳририяти томонидан тайёрланган Аҳмаджон Мухторовнинг “Умрнинг олтин тарозиси” китоби ва фахрий радиожурналист Раҳимжон Султонов бошчилигида яратилган “Аҳмаджон Мухторов замондошлар хотирасида” китоблари тақдимоти ўтказилади.
Тақдимотда мазкур китоблар муаллифлари ва тўпловчилари, самарқандлик фахрий журналистлар ҳамда айни пайтда оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган ижодкорлар иштирок этиб, нашрлар ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
– Бу китоб фақат Аҳмаджон Мухторов ҳақидаги хотиралардан иборат эмас, – дейди фахрий журналист Раҳимжон Султонов. – Мақолаларда тажрибали журналист ҳаёти ва фаолияти мисолида соҳа ходимларининг заҳматли меҳнати, давлат ва халқ ҳаёти билан боғлиқ мураккаб масалаларни ҳал этишдаги роли ифода этилган. Бу эса ёш журналистлар учун ҳақиқий маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Тадбирда “Замонавий журналистика ва сунъий интеллект: истиқболлар ва муаммолар” ҳамда “Журналистикада сунъий интеллект даври”китоблари муаллифлари ҳамда институт профессор-ўқитувчилари ушбу китоблар бугунги кунда соҳа учун кадрлар тайёрлашда муҳим ўқув қўлланмаси бўлишини таъкидладилар.