Журналистлар ва ёшлар учрашуви: Тажриба, мулоҳаза ва илҳом

Хоразм вилоятидаги Урганч давлат педагогика институтида маънавий-маърифий муҳитни янада бойитиш мақсадида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар — Фармон Тошев ва Абдулла Собиров билан учрашув ташкил этилди.

Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида таниқли журналистлар ўзларининг кўп йиллик ижодий фаолияти, матбуот соҳасида тўплаган тажриба ва кузатувлари ҳақида атрофлича фикр билдирди. Улар журналистиканинг жамият тараққиётидаги ўрни, сўз эркинлигини таъминлаш ва ахборот маконида масъулиятли фаолият юритишнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Хусусан, Фармон Тошев ўзининг журналистлик йўли, турли даврларда ёзган долзарб мавзулардаги мақолалари, тадқиқотлари, нашр этилган китоблари, хусусан, Самарқанд тарихи ва бугунги тараққиётига бағишланган асарлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. У ёшларга ижодий изланиш, манбалар билан ишлаш, воқеликка холис ёндашиш каби муҳим жиҳатлар бўйича ўз маслаҳатларини берди.

Тадбирда иштирокчилар профессионал маҳорат, ижодий ёндашув, муваффақият қозониш сирлари ҳамда замонавий медиа муҳитида тўғри йўл танлаш борасида қимматли тавсиялар олдилар.