Кадрлари билан ном чиқара олмаган коллежлар ва устозларнинг ўғирланган ноёб сармояси: таълимдаги энг муҳим омиллар ҳақида фахрий ўқитувчидан мулоҳазалар
Олийгоҳни битириб келган барча ёш кадрни қисман бўлса ҳам билим ва кўникмага эга мутахассис, дея оламизми?
Магистр ва бакалавр — булар ўртасида дипломдаги ёзувдан бошқа яна қандай ёрқин фарқ кўриниб туради? Таълимда энг муҳим нарса нимага боғлиқ?
Тайёрлаган кадрлари билан тилга туша олмаган ва охир-оқибат ёпилиб кетган коллежлар. Биз қандай хулоса чиқара олдик?
Меҳнат ва жўшқин ижодий меҳнат. Бу иккисининг фарқи нимада?
Ҳатто яхши билимга эга ёшларнинг ҳам нутқи ҳавас қиларли эмас. Нега шундай?
Бирор бир ўқитувчи “Мен машҳур фалон ўқитувчининг услубига ҳавас қиламан” деганини кўрганмисиз? Услуби ўқитувчилар орасида машҳур бўлиб кетган ўқитувчилар борми? Бор бўлса, нега эшитмаганмиз?
***
Узоқ йиллар давомида таълим тизимида фаолият олиб бориб, минглаб шогирдлар тарбиялаган фахрий педагог Илаш Абдиевнинг қуйидаги мулоҳазасида соҳадаги энг долзарб саволлар билан юзлашасиз ва уларнинг ҳар бирига атрофлича жавоб оласиз.
Домла ўз тажрибасидан келиб чиқиб, ўтган йилларда таълимда йўл қўйилган хатоларимизга эътибор қаратади ва уларни бартараф этиш учун таклифларини ҳам билдиради.
Жумладан, домла илм эгаларининг ўз ишига алоқаси бўлмаган нарсаларга вақти совурилганидан афсус чекаркан образли тарзда шундай дейди: “Улоқчи тулпорлар оддий хирмончи отларга айлантирилди”.
Марҳамат, қолган фикрлар билан ўзингиз танишинг, хулосани ўзингизга қолдирамиз.
***
Ўқитувчининг дунёга келишида олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Минглаб бўлажак устозлар худди ана шу табаррук даргоҳлардан учирма бўлишади. Тўғри, ўқитувчи ҳам, унинг маҳорати ҳам мактабда камол топади. Аммо бу юксакликнинг пойдевори асосан олий таълимда қўйилади. Тан олиб айтадиган бўлсак, бу “пойдевор” бунёдкорларининг бугунги нуфузи эллик-олтмиш йил олдингиларга унчалик ўхшамайди.
Соҳа кишиси сифатида ёш она тили ва адабиёт ўқитувчилари ҳамда талабалар билан учрашиб туришимизга тўғри келади. Адабиёт ўқитувчисининг асосий кўргазма қуроли унинг ўзи – жозибали нутқи ва бадиий матнларга яқинлигидир. Афсуски, кўпчилик ёшларимизнинг билимлари каби нутқлари ҳам ҳавас қиларли эмас.
Айтишларича, бундай оқсоқликларнинг сабабларидан бири – улар деярли оғзаки синов ва имтиҳонлар топширишмаган экан. Ҳаммаси, шаффофлик кафолати, тест ёки ёзма шаклларда амалга ошириб келинган. Энг ачинарлиси, уларнинг бир қисмини зарур билим ва кўникмалар билан ўртачароқ бўлса-да, таъминланган ёш мутахассислар деб бўлмайди.
Айримларининг касбга қизиқишлари жуда заиф, таълимда ҳамкорлик тушунчасини завқ билан изоҳлаб беролмайди, улуғлари фаолиятини ўзида мужассам этган таълим тарихини етарлича билмайди. Шунинг учун ҳам машҳур ўқитувчилардан кимларнинг услубига ҳавас қиласиз, мазмунидаги суҳбатимиз зинҳор қизимайди. Ахир, ибрат манзилларисиз яхши ўқитувчи осонгина дунёга келади деб ўйлабсизми?
Таълимда жуда кўп нарса педагогик маҳоратга боғлиқ. Бу йўналишда етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган анча истеъдодли ўқитувчи ҳам тайёр усуллардан фойдаланишга нисбатан анча кўп вақт талаб қиладиган қайта кашф этиш меҳнатининг нисбатан узоқ манзилларидан ўтишига тўғри келади. Шунинг учун ҳам педагогик маҳорат асосларининг алоҳида фан сифатида олий таълим мазмунидан ҳануз муносиб жой олмаётгани ташвишланарли ҳол. Талабалик даврида эгалланган ҳар бир самарали усул кейинчалик ўнлаб худди ана шундай сермаҳсул ижод меваларининг дунёга келишига асос бўлади.
Олий таълимнинг ҳар икки босқичи, айниқса, магистратура йўналиши истеъдод соҳиблари учун катта имконият эканини барча ўринларда ҳам жиддий сезяпмиз деб бўлмайди, жўшқин ижодий меҳнат етарлича шаклланмаяпти. Магистрларнинг бир қисми фан ва ишлаб чиқаришда ўзларини арзирли кўрсата олмаяптилар. Сал образли қилиб айтадиган бўлсак, баъзи магистрларимизни бакалаврдан дипломидаги ёзувларгагина қараб фарқлаш мумкин бўляпти.
Айни вақтда айрим бакалавримизнинг ҳали қайси ихтисос соҳиби эканини дипломсиз аниқлаш қийин кечмоқда. Тўрт йили давомида арзирли билим ва сараланган ёшларни билмадигу аммо уларнинг ота-оналари ва жамоатчилик бу каби вазиятлардан норози бўлишлари табиий. Рақобатбардош бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаган ҳар қандай корхонанинг ўзига ҳам осон бўлмайди, охир-оқибат инқирозга юз тутади. Буни бир талай коллежлар тақдирида жиддий ҳис қилдик.
Олий таълим муассасалари ватанпарвар, ҳалол, ишга ва ёшларга меҳри баланд, кўпчиликка айтадиган гаплари бор, туйғулари тиниқ, эзгу ниятли безовтақалб ижодкор зиёлилар маскани. Кейинги йилларда устоз ва мураббийлар фаолиятида ижодий мактаблар яратиш тажрибаси билан боғлиқ ўзига хосликлар анча сийраклашди. Айрим ўринларда “кафедра соатлари”ни магистрлар билан ишлаш ҳисобига бажариш удуми бир қатор устозларни бетакрор маърузалар завқидан узоқлаштириб қўйган дамларга ҳам дуч келдик. Муаллифлик дарслари каби муаллифлик маърузаларининг ҳам аҳамияти катта. Қозизода Румий дарсларига Ҳиротдан Самарқандга келиб, Абдураҳмон Жомий қатнашган, Н.В.Гоголнинг Петербург университетида қилган маърузасига А.В.Жуковский ва А.С.Пушкинлар ҳам эҳтиёж сезгани маълум.
Катта-кичик мактаб яратган устозлар ҳамма замонларда бўлган ва ҳозир ҳам бор. Фақат нисбатлар турлича. Еттинчи синф кимё дарслигида соҳа олимлари ҳақида маълумот берилган. Ҳаммаси 1945 йилгача таваллуд топган кишилар, ундан кейин каттагина бўшлиқ ёки сезиларли сийраклик... Бу каби манзараларни бошқа йўналишларда ҳам оз-кўп кузатиш мумкин.
Бундай вазиятга тушиб қолишимизнинг талай сабаблари бор. Айниқса, асосий фаолият турларимиздан бирига айланган мажбурий меҳнат барча жабҳаларда бўлгани каби илм-фан равнақига ҳам сезиларли даражада салбий таъсир қилди. Ўз соҳасига дахли бўлмаган сафарбарликлар иқтидор эгаларининг энг катта сармояси – вақт бойлигига раҳна солди, уларнинг маълум қисмини ўртамиёначилик остоналарига келтириб қўйди. Сал тимсолли айтадиган бўлсак, улоқчи тулпорлар оддий хирмончи отларга айлантирилди.
Саксонинчи йиллардаги расмий маълумотлардан бирига диққат қилайлик. “Академия институтларидаги аспирантларнинг саксон фоиздан кўпроғи ўқишни кейинги беш йил ичида тамомлаган илмий-ижодий зиёлиларнинг фарзандларидир. Аспирантурага қабул қилинганларнинг ўн беш фоизигина ўқув юртларини аъло баҳолар билан битирган. Бу ўн беш фоизнинг бир қисми ҳам қўлбола аълочиларга тўғри келиши эҳтимолдан унчалик йироқ эмас. Шу тариқа илмга қизиқиш ўрнини унвонга интилиш эгаллай бошлади. Жараёнда асосан ота-оналар ташаббускор бўлишди. Гўё оддий қушчага булбул деб ном бердик, аммо уни булбул қилиш қўлимиздан келмаслигини зинҳор тан олмадик. Ўша йиллари ОТМларга қабул қилишдаги қинғирликлар ҳам йўқотишлар кўламини кенгайтирди. Охир-оқибат ақл маҳсулотлари бозори, илм-маърифатнинг бутун-бутун расталари сифатсиз моллар билан тўлиб, касодга учрай бошлади.
Фаоллар ва фаолиятсизлар, билимлилар орасидаги чегаралар хира тортиб қолди, нолойиқлик туфайли пайдо бўладиган уялиш туйғуси йўқолди. Бундай шароитда фидойи илм аҳлига осон бўлмади: айрим ўринларда “ҳамроҳлар” носоғлом муҳит яратиб, уларга ортиқча ташвиш келтирди.
Жуда кўп ОТМларимиз амалиётдан узилиб қолган ёки эскирган шаклларда фаолият олиб бормоқда. “Таълимнинг ярми ортда қоляпти, ҳануз орзу қилган касбимга бевосита дахлдор дурустроқ бирон нарса ўрганганим йўқ”, деди анча иқтидорли талабалардан бири. Касб эгаларини тайёрлашда амалиётсиз илм пуч ёнғоқ: шакли, шовқини бўлади-ю мағзи йўқ.
Донишманд Шарқнинг асрлар давомида синалган устоз-шогирд анъаналарига модерн муносабатни жадал шакллантиришимиз лозим. Талабалик даврида эгалланган ҳар бир яхши усул кейинчалик ўнлаб худди ана шундай сермаҳсул ижод жараёнларининг дунёга келишига асос бўлади.
Педагогика йўналишидаги талабалар ҳафталик машғулотларининг икки кунини мактабларда ўтказадиган бўлишяпти. Таҳсинга лойиқ тадбир. Энди ҳамма гап жараённинг ташкилий томонларини тўғри шакллантиришда. Кўпинча биз ариқ очмай, сув ҳайдаймиз. Таянч манзилларни тўғри белгилаш, икки ва ҳатто уч навбатда фаолият олиб бораётган мактабларда талабалар учун жой ажратиш, амалиёт билан боғлиқ самарали услубларни кашф қилиш осон эмас. Ҳали мактабларда ишламаётган кечки ва сиртқида таҳсил олаётган ёш талабаларни ҳам унутмаслигимиз лозим. Уларни илк босқичлардаёқ тажрибали устозга расман бириктириб қўйиш, етарли малакаларга эга бўлиш билан ишга жойлаштириш борасида алоҳида тизим юзага келиши фойдали.
Мусаффо бир тиниқлик ва долғали қудрат билан янги Ўзбекистон қад ростламоқда. Эндиликда жуда кўп нарса ўзимизга боғлиқ: меҳнатдан қочмайлик, ҳеч бўлмаганда, ўрганиб, ўргатайлик. Илм ва ҳунар мазмунини шаҳодатнома ёки дипломларга эмас, энг аввало, ёшларнинг ақлига, қўлларига, меҳри ва қалбига – бутун борлиғига сингдирайлик. Ана шундагина илми ва ҳунари бор хор бўлмайди, фақат ана шундагина маърифат аҳли қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлади.
Илаш АБДИЕВ,
фахрий педагог.