“Камаз” кунлари фуқароларга иш, талабаларга амалиёт ўтказиш имкониятини берди
Самарқанд шаҳрида республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Россия Федерациясининг “Камаз” компанияси ҳамкорлигида “Камаз кунлари” тадбирлари бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган тадбирда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар билан компания вакиллари суҳбат ўтказди. Суҳбатлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар “Камаз” компаниясига ташкилий тарзда ишга жалб қилинади.
“Камаз” кунлари тадбири доирасида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети жамоаси ҳам иштирок этди. Унда “Камаз” жамоатчилик акциядорлик жамияти (ЖАЖ)нинг Кадрларни ривожлантириш департаменти директори Лениза Хурматулина билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда СамДАҚУ ректорати вакиллари иштирокида музокаралар ўтказилди.
Музокараларда университет ва техникум профессор-ўқитувчилари, талаба ва ўқувчи ёшларини “Камаз” ЖАЖда стажировкасини ташкил этиш, ишлаб чиқариш амалиётларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга университет базасида “Камаз” ЖАЖ ўқув маркази дастурлари асосида завод учун зарур бўлган мутахассисларни касбга ўргатиш бўйича қисқа курсларни ташкил этиш имкониятлари бўйича ҳам музокара ўтказилди. Музокаралар натижасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.