Камбағаллик камайиб, ишсизлик пасаяди
Бу вазифа кейинги йилларда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Ва эътиборлиси, унга илмий асосда ва халқаро тажрибага таяниб эътибор қаратилмоқда.
Камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экани, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши керак, деган муносабат бунга яққол мисол бўлади. Албатта, кўрилаётган чоралар ўзи йўлига, эришилаётган натижа қандай бўляпти? Вилоятда бу борадаги аҳвол қандай?
Ойлик ўртача 4,5-5 миллион сўм
- Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида ишсиз аҳолини даромадли қилиш ва камбағалликни қисқартириш масаласи турибди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири Ривожиддин Маҳқулов. - Шунга кўра, яратилган имкониятлар ва ажратилган молиявий ресурслардан унумли фойдаланиб, ўтган 10 ойда вилоятимизда 42,5 мингта ёки режага нисбатан 113 фоиз микролойиҳа ташкил этилиб, бунинг натижасида 87 мингта, қиймати 954 миллион долларлик 770 та янги лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 20,1 мингта, тижорат банклари томонидан аҳолини доимий ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш йўналишида 129 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида 66,5 минг, қурилиш йўналишида 12,1 минг киши даромадли қилинди.
Ушбу соҳаларга жами 8,1 триллион сўм кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида январь-октябр ойларида 315 минг нафар ёки режага нисбатан 116 фоиз аҳоли бандлиги таъминланди.
Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги Мундиён маҳалласида “Бойраз текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 13 миллиард сўмлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, ён-атрофдаги маҳаллаларнинг 100 нафар ишсиз хотин-қизлари бандлиги таъминланди. Корхона яна 100 нафардан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминлаш қувватига эга.
Бундан ташқари, Нурободда "Cemix" масъулияти чекланган жамиятининг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 250 та иш ўрни яратилди. Бандлиги таъминланган фуқароларнинг ўртача ойлиги 4,5-5 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ишсизлик яна 1 фоизга қисқаради
Ҳисоб-китобларга кўра, йил якунига қадар яна 21 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, вилоятда ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,4 фоиздан 4,5 фоизга қисқартирилади.
Олиб борилган тизимли ишлар натижасида бугунги кунда маҳаллаларнинг 325 таси ишсизликдан холи, 615 таси жиноятчиликдан ва 415 таси оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантирилган.
Мутасаддиларнинг қайд этишича, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури орқали янгича тизим ва барча молиявий инструментлар яратиб берилган. Ўтган 10 ой давомида ушбу имкониятлардан фойдаланиб тузилган индивидуал режалар асосида вилоят бўйича 43,3 мингта оилага даромадини оширишга қаратилган 66 мингта барқарор бандлик хизматлари ҳамда 70,7 мингта бошқа ижтимоий хизматлар кўрсатилди.
Натижада 1 ноябрь ҳолатига 36,8 мингта оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини йил бошидаги 7,5 фоиздан 4,9 фоизга туширишга эришилган.
Барча чораларни кўриш орқали йил якунига камбағаллик даражасини вилоятда 4 фоизга тушириш режалаштирилмоқда.
Бандлик фақат рақам эмас...
Одамларни даромадли қилиш керак экан, деб кўр-кўрона чора-тадбирларни амалга ошириш ярамайди. Қилинаётган саъй-ҳаракатлар бандликни таъминлашдан ташқари аниқ натижалар ҳам келтириши зарур.
Вилоятда бу борада амалга оширилаётган ишларга биргина мисол келтирсак – Иштихон туманидаги " Ishtihan yimin import export group" масъулияти чекланган жамияти 2024 йилдан экспорт фаолиятини бошлаган. Бугунгача 2,7 миллион долларлик, шундан 1,8 миллион долларлик майиз маҳсулотларини Хитойга экспорт қилган.
Корхона таъсисчиси Жао ЮУ (Zhao Yue) билан суҳбатда ундан фаолиятини кенгайтириш, яъни экспорт фаолиятини 2-3 баробарга ошириш учун нима кўмак зарурлиги сўралганда, бу борада барча имкониятлари мавжудлиги, қанча майиз бўлса шунча экспорт қилиш имконияти борлигини билдирган.
Шунга кўра, энди тумандаги узумчиликка ихтисослашган 22 та маҳалладаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилаётган майиз маҳсулотларини бозор нархидан кам бўлмаган қийматда мазкур корхонага етказиб бериш бўйича алоҳида тизим яратиляпти.
Натижада 22 та маҳалладаги мингдан зиёд оила доимий даромад манбаига эга бўлиши баробарида корхона экспорт ҳажми 10-15 миллион долларга кўпаяди. Энг муҳими, ушбу маҳаллалар ишсизликдан ва камбағалликдан холи ҳудудга айланади.
Ихтисослашган маҳаллалар
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда, авваламбор, маҳаллаларнинг ихтисослашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошида 30 фоиз ёки 324 та маҳалла ихтисослашуви паст бўлган, 400 таси ихтисослашган, 357 таси чуқур ихтисослашган маҳаллаларни ташкил этган.
Маҳаллабай иш олиб борилиши натижасида чуқур ихтисослашган маҳаллалар 497 та бўлишига эришилди. Мисол учун, Булунғурдаги Килдон, Сайилтепа ва Кичик Килдон маҳаллаларидаги 2310 та хонадоннинг 324 гектар томорқа ва 37 гектар ижарага берилган ерларида нок етиштирилмоқда. Килдон маҳалласида “Саидмурод Бегали боғи” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Файзуллаев ташаббуси билан маҳалланинг нокка ихтисослашуви 87 фоизга етди.
Ушбу маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, уларга қулай муҳит яратиш мақсадида давлат бюджетидан 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2 километр йўл асфальтлаштирилган ва трансформатор ўрнатилган.
“Саидмурод Бегали боғи” фермер хўжалигининг 2 та 100 тонналик музлаткичли омборхонасига давлат томонидан 50 кВтли қуёш панели ўрнатиб берилди.
Нарпай тажрибаси ёки ёрдам мақсадли бўлади
Келгуси йилдан дастурлар доирасида ажратилаётган молиявий инструментлар - ссуда, кредит маҳаллаларнинг ихтисослашувига қараб, соҳаларга йўналтиришни йўлга қўйиш керак, деган таклиф бериляпти.
Чунки амалдаги тартибга кўра, дастурлар доирасида (“Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш”, Оилавий тадбиркорлик”, “Бизнесга биринчи қадам”, “Маҳалла лойиҳаси”) берилаётган кредитлар маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб эмас, балки асосан ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг талаби асосида турли мақсадларга ажратиб келинмоқда. Бунинг натижасида ажратилган кредитларнинг самарадорлиги паст бўлиб, кўп ҳолларда қайтарилиши муаммога айланмоқда.
Мисол учун, Нарпайдаги Ўзбекистон маҳалласига қарашли Дуоба қишлоғида 241 та хонадоннинг барчаси карам (қизил карам, айсберг, броколли) экади. Бугунги кунда ушбу маҳаллада дастурлар доирасида берилган кредитлар бўйича умуман қарздорлик йўқ.
Худди шундай ихтисослашуви паст бўлган Соҳибкор маҳалласида 109 нафар ишсиз, 121 та камбағал оила бўлиб, муаммоли кредитлар ҳажми 577 миллион сўм ёки жами ажратилган кредитларнинг 30 фоизини ташкил қилади.
“Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили аҳоли учун ҳам катта қулайлик яратиб, етиштирилган маҳсулотлар кафолатланган тарзда лидер тадбиркорлар томонидан эркин бозор нархларида сотиб олиняпти.
Туманда қайси қишлоқ аҳолиси бирлашиб, битта маҳсулотни экиб, томорқасидан самарали фойдаланаётган бўлса, ўша қишлоқнинг зарур инфратузилмаси яратиб берилмоқда. Жумладан, Дуоба қишлоғи аҳолиси ҳам бирлашиб томорқасидан самарали фойдаланиб, тўлиқ бир маҳсулот - карам эккани учун кўчаси асфальтланиб, тунги чироқлар ўрнатиб берилди.
Ушбу тажрибани келгусида бошқа ҳудудларда ҳам йўлга қўйиш режалаштириляпти.
Режалар катта, мақсадлар улкан...
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида келгуси йил учун ҳам аниқ вазифа ва режалар белгилаб олиняпти.
Маълумот учун, 2026 йил 1 январь ҳолатига вилоятда ишсизлар сони 80 мингтани ташкил этиши прогноз қилиниб, йил давомида 104,5 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш режалаштириляпти.
Шунингдек, 10,3 минг нафар фуқаро шартнома ва ваучер тизими асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар ҳамда хорижий тилларга ва тадбиркорлик курсларига ўқитилади. Ваучер асосида ўқиган фуқароларнинг ўқитиш харажатлари қоплаб берилади. Бунда вилоятнинг олис ҳудудларидаги ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар ҳамда камбағал оилалар аъзоларини замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитиш имконияти яратилади.
Қиймати 1 триллион 404,5 миллиард сўм бўлган 42,6 минг микролойиҳани ишга тушириш ҳисобига 85,1 минг нафар аҳоли бандлиги таъминлаш режалаштирилган.
Маҳаллаларга етакчи тадбиркор ва уста-деҳқонларни бириктириш ва маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб юқори даромадли экин турлари жойлаштирилади. Натижада 250 мингдан ортиқ хонадон томорқаларида йилига 2-3 марта ҳосил олиш йўлга қўйилади.
Албатта, режалар фақат шундан иборат эмас. Муҳими, уларни амалга ошириш, шу орқали камбағалликни камайтириш ва ишсизликни пасайтириш учун ҳафсала ҳам, энг муҳими, имконият ва шароит ҳам етарли.
Ёқубжон Марқаев.