Камситилган ғурур исёни
Бу ногаҳоний камситиш боланинг юрагига тиғдек санчилди. Тўғри, унинг оёғи сал оқсоқ, касаллиги ҳақида ҳам кўплар билади, аммо ҳеч ким буни ҳозиргидек юзига солмаган.
Бола қалбан эзилди-ю, миқ этмади, хомуш тортиб, уйи томонга йўналди.
Қорни очиққан бўлса-да, туз тотгиси келмасди. Болага бу ҳазил гап исноддек таъсир этди.
Бола аяси жавонга яшириб қўйган касаллиги ҳақидаги тиббий ҳужжатларини олди-да, шифокор қабулига борди.
Бола беҳад ҳаяжонланган, чин дилдан жўшиб гапирарди.
– Тўғрисини айтинг, духтир, агар даволансам, мендаги касаллик тўла тузаладими ёки йўқми?!
– Сенда туғруқ чоғида юзага келган болалар церебрал нуқсони касаллиги бор. Уни бугунги кун тиббиёти ҳеч муаммоларсиз даволаяпти. Ҳаммаси ўзингга боғлиқ.
– Мен нима қилишим керак бунинг учун?
– Иродангни қўлга олиб, махсус даволаш физкультурасига алоҳида эътибор беришинг керак. Аянг билан қабулимга келганингда бу ҳақда айтгандим, аммо сен бу ишга астойдил киришмадинг, мана оқибати.
– Бу сафар ундай бўлмайди, дўхтир!
Боланинг юзида аламзадалик аломатлари яққол билиниб турарди. Бу яхши. Ҳа, у кимдандир аламини олмоқчи бўларди гўё.
Инсоннинг ғурури қўзғатиб юборилса, унга бас келувчи тўсиқ қолмайди ҳисоби.
Орадан бир йил ўтгач, у тўла соғайиб кетиб, дзюдо бўйича республика чемпион бўлди.
– Бу ютуқларга қандай эришдинг-а, чироғим? – дея ҳазил аралаш сўради шифокор.
– Р-руқия… Руқия, дўхтир.
– Руқия ким?
– Руқия қўшнимизнинг қизи…
– Севасанми уни? Шу қиз туфайли эришдингми бу ютуқларга? А?!
– Йўқ, унинг "Ҳа, чўлоқ", деган ҳақорати туфайли барчасига эришдим! Менинг халоскорим, шифокорим ҳам ўша!
Муродим УМРЗОҚОВ,
шифокор.