Канада спортчиларини Японияга жўнатмайди

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳозирча Япониядаги Олимпиада ўйинларини қолдириш режалаштирмаётганини билдирди. Унинг фикрича, мусобақаларнинг бекор қилиниши, бу минглаб мураббийлар ва 11 минг атлетнинг орзуларини йўққа чиқариш, деганидир.

Лекин Бах инсон ҳаёти ҳамма нарсадан, хусусан, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманидан ҳам устунлигини қайд этиб, барча иштирокчиларнинг соғлиғини сақлашга катта эътибор қаратилишини ва шу орқали ташкилот вирусга қарши курашишга ўз ҳиссасини қўшмоқчилигини айтди.

Лекин Канада бу масалада аллақачон қарор қабул қилиб бўлди. Ушбу мамлакат коронавирус пандемияси туфайли ёзги Олипимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашишдан воз кечди.

Бу ҳақда масъул қўмиталар сайтида эълон қилинди. Хабарда айтилишича, ушбу қарорни қабул қилиш осон бўлмаган. «Канада олимпия ва паралимпия қўмиталари Халқаро олимпия қўмитаси, Халқаро паралимпия қўмитаси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ўйинларни зудлик билан бир йилга кечиктиришга чақиради» дейилади баёнотда.