Карантин чўзилиб кетса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келмайдими?
— Йўқ, ҳеч қандай етишмовчилик бўлмайди, деб жавоб берди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда.
Чунки жанубий вилоятлардаги миришкор деҳқонларимиз далаларида апрель ойидан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари ички бозорларимизга етказиб берила бошлади.
Шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидаги иссиқхоналарда помидор, бодринг, ширин қалампир ва бақлажон маҳсулотлари узулуксиз ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда. Бугунги кунда республика ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми кундан-кунга ортиб бориши натижасида ички ва ташқи бозорларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади.
Тиббий меъёрлар бўйича аҳолининг мева-сабзавотларга бўлган талаби 10 миллион 300 минг тоннани, шундан картошка 1 миллион 784 минг тонна, сабзавотлар 4 миллион 440 минг тонна, мевалар 2 миллион 479 минг тонна, узум 593 минг тонна, полиз маҳсулотлари 583 минг тонна, дуккаклилар 115 минг тонна, гуруч 332 минг тоннани ташкил этади.
2020 йилда 24,8 миллион тонна (2019 йилга нисбатан 125 фоиз кўпроқ) 88 турдаги мева-сабзавотлар, шундан 42 турдаги 12,9 миллион тонна сабзавот, 5 турдаги 2,5 миллион тонна полиз, 3,5 миллион тонна картошка, 27 турдаги 3,3 миллион тонна мевалар, 3 турдаги 1,9 миллион тонна узум, 4 турдаги 630 минг тонна дуккакли ва 6 турдаги 139 минг тонна мойли маҳсулотлар етиштириш белгилаб олинди.
Аҳоли талаби ва экспорт имкониятларини ҳисобга олиб, етиштирилган маҳсулотларнинг 10,3 минг тоннаси аҳоли истеъмолига, 3,2 миллион тонна қайта ишлашга ва 2,3 миллион тоннаси экспортга йўналтирилади.