Карантин давридаги меҳнат таътили ходимнинг иш стажига кирадими?
“Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандига асосан мазкур меҳнат таътили унинг муддатидан қатъи назар ходимнинг иш стажига киради.
Агар ходим меҳнат таътилида бўлган даврда, шунингдек, иш берувчи билан келишган ҳолда масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёхуд ўз уйида ишлаётган даврда мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасалари фаолияти тикланса ёки ходимнинг меҳнат таътилида қолиш эҳтиёжи бўлмаса, ходим муддатидан олдин ишга чиқиш ёки одатий (тўлиқ) иш режимига ўтказиш бўйича ёзма равишда ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бунда, иш берувчи ушбу аризани қаноатлантириши лозим.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганлиги сабабли ходим таътилга чиққан даврида ходимни таътилдан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Ориф МУҲАММАДИЕВ,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси масъул ходими.