Карантин пайтида ҳам пилла боқилади(ми?)
Шу кунларда мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилинган. Бироқ деҳқон-фермерларимиз эл дастурхонини тўлдириш, бозорларимиз мўл-кўлчилигини таъминлаш учун ҳар йилги дала юмушларини давом эттиришмоқда. Хўш, карантин ҳолатида вилоятимизда бу йилги пилла хомашёси тайёрлаш нима бўлади?
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, пиллачилик кластерлари томонидан жорий йилда 39 минг 215 қути хориждан келтирилган ва 10 минг 135 қути маҳаллий ипак қурти боқилиб, ундан 2714 тонна пилла етиштиришни режалаштиришган.
Ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, янги тутзорлар барпо этиш учун ҳозиргача вилоят бўйича 6 миллион 762 минг дона тут кўчатлари экилди. Шунингдек, вилоятимизда баҳорги тут кўчатлари экиш ва янги ерларда интенсив тутзорлар барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Жумладан, Пайариқ туманида баҳорги пилла тайёрлаш мавсуми учун қизғин ҳозирлик кўрилди, янги тутзорлар барпо этилди, масканлар хомашёни қабул қилиш учун шай ҳолга келтирилди.
- 2019 йил куз ва 2020 йил баҳор ойларида ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш учун туманимизда 638 минг дона тут кўчатлари экилди, - дейди “Пайариқ агропилла” масъулияти чекланган жамияти бош ҳосилоти Ш.Ҳошимов. – Ҳозиргача тумандаги 700 дан ортиқ фермер хўжаликлари билан пилла етиштириш бўйича, пилла боқувчи 4683 нафар касаначилар билан шартномалар тузилди. Ипак қурти тайёрлаш учун 47 та инкубатория ҳозирдан тайёр ҳолга келтирилди.
Юртимизда карантин жорий этилган бўлишига қарамасдан, қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз вазифасини сидқидилдан адо этишмоқда. Чунки баҳорнинг ҳар бир куни кузнинг ўн кунига татийди. Қолаверса, уларнинг саъй-ҳаракати билан бозорларимиз тўкинлиги таъминланади. Шу йўл билан деҳқонларимиз пандемия даврида аҳолини саросимага тушмасдан, уйда қолишларига ва карантинни тезроқ, талафотсиз ўтишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.