“Карьера куни” — битирувчилар учун имкониятлар майдони

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида талаба ва битирувчилар бандлигини таъминлашга қаратилган “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш йўналишларида фаолият юритаётган 60 дан ортиқ йирик компания, корхона ва ташкилотлар иштирок этди. Улар томонидан 1200 дан зиёд вакант иш ўринлари тақдим этилди. Шунингдек, техникум, коллеж ва лицей битирувчилари ҳам фаол қатнашиб, тадбир ёшлар учун кенг қамровли платформага айланди.

Хусусан, Самарқанд шаҳар Бандлик агентлиги 760 та, Нуробод тумани 140 та, Паст Дарғом тумани 110 та, Нарпай тумани 38 та вакант иш ўрни билан қатнашди. Бундан ташқари, қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги йирик корхоналар ҳам ўз таклифларини билдирди.

Тадбирда 600 нафарга яқин битирувчи талаба иштирок этиб, иш берувчилар билан бевосита мулоқот олиб борди. Ушбу учрашувлар натижасида 80 нафарга яқин ёшлар суҳбат жараёнида ўз қизиқишларини билдирган бўлса, уларнинг 55 нафари турли шаклдаги уч томонлама шартномаларни имзолашга эришди. Жумладан, 29 нафар битирувчи резюме топширган, 17 нафари синов муддати асосида ишга қабул қилинган, 9 нафари эса тўлиқ иш билан таъминланган.

Маълумотларга кўра, 2025-2026 ўқув йилида университетни қарийб 1700 нафар битирувчи тамомлайди. Таъкидланганидек, олийгоҳда тайёрланаётган мутахассислар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланмоқда.

“Карьера куни” нафақат бўш иш ўринлари тақдимоти, балки иш берувчилар ва ёш мутахассислар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди. Бундай тадбирлар ёшларнинг касбий йўналишини аниқлаш, уларни амалий тажриба билан боғлаш ҳамда бандлик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.