Картошкачиликда Самарқанд тажрибаси бўлади
Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимининг тегишли қарори билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларда нарх-навони барқарор сақлаш ҳамда картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича комплекс вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ва туман прокуратуралари ҳузурида махсус штаблар ташкил этилган. Ушбу штаблар таркибига прокуратура органлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутасадди ташкилотлар, агроинспекция, фермерлар кенгаши, ирригация тизимлари бошқармалари, ўсимликлар карантини ва ҳимояси хизмати, банк муассасалари ҳамда уруғчилик марказларининг тажрибали мутахассислари жалб қилинди. Мутасаддилар томонидан ҳар бир фермер ва деҳқон хўжалиги кесимида баҳорги картошка экилишини ташкил этиш, уруғлик билан таъминлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Натижада жорий йил учун вилоят бўйича 22,2 минг гектар майдонда картошка етиштирилмоқда, шундан 16,2 минг гектари фермер хўжаликлари, 6 минг гектари эса деҳқон хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади. Энг муҳими, фермерлар томонидан экилиши режалаштирилган майдонларнинг барчаси “Cropagro” агроплатформасига киритилиб, рақамли назорат тизими йўлга қўйилди.
Картошкачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш, аввало, сифатли уруғликка боғлиқ. Шу мақсадда вилоятга хориждан юқори репродукцияли уруғлик картошка олиб келинди. Нидерландиядан бир қатор фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар томонидан жами 3654 тонна уруғлик картошка импорт қилинди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил баҳорги экиш мавсуми учун вилоятда 62,5 минг тоннадан ортиқ уруғлик картошкага эҳтиёж бор эди ва бу талаб тўлиқ қопланиб, қўшимча захира ҳам яратилди.
Шунингдек, соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Картошка етиштириш билан шуғулланаётган 164 та хўжаликка жами 11,8 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бу маблағлар уруғлик хариди, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа зарур эҳтиёжларни қоплашда муҳим омил бўлди.
Соҳада қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида прокуратура органлари томонидан доимий назорат ўрнатилди. Ўтказилган ўрганишлар давомида айрим камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари ҳам аниқланди. Уларни бартараф этиш мақсадида 3 та тақдимнома киритилди, 56 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди. Шунингдек, 10 нафар шахс интизомий, бир нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Қонун бузилишининг қўпол ҳолатлари бўйича эса 2 та жиноят иши қўзғатилди.
Бугунги кунда вилоятнинг барча ҳудудларида картошка ҳосили йиғиб олинмоқда. Деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати натижасида ички бозорда маҳсулотлар етарли миқдорда шаклланиб, аҳолини картошка билан узлуксиз таъминлаш ҳамда нарх-навони барқарор сақлашга эришилмоқда.
Вилоят тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, давлат сиёсати, фермер меҳнати ва қатъий назорат уйғунлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим натижалар бермоқда. Бу эса мамлакатимизда аграр соҳани янада ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Рауф Мирзаев,
вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори.