Касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асоси бугун кун талабларига жавоб берадими?

Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Тадбирда республика кенгашларининг вилоятдаги масъул ташкилотчилари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, ҳамкор ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Қайд қилинганидек, йигирма етти йил давомида касаба уюшмалари фаолиятини кафолатлаб келган қонунни жамият ривожи, меҳнат жабҳаларидаги ўзгаришларга мос, давр талабига жавоб берадиган тарзда ўзгартиришга эҳтиёж сезилмоқда. Қолаверса, халқаро меҳнат соҳасидаги муносабатлар ривожи, бу борада жаҳон андозасига мослашиш сари интилиш ана шундай кўламдор вазифани кун тартибига олиб чиқиши табиий.

- Қонун лойиҳасида белгиланган 47-моддада муддат масаласига аниқлик киритиш лозим, - дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Пайариқ туман кенгаши раиси Абдужабборхон Нарзуллаев. – Хусусан, унда “Жамоатчилик мониторингининг ташкилотчиси жамоатчилик маниторингининг объекти, уни ўтказиш муддати ва тартиби тўғрисида ахборотни олдиндан жамоатчиликка эълон қилади”, дейилган. Ушбу абзацнинг охирги қаторини “...тўғрисидаги ахборотни мониторинг ўтказилишидан камида бир ой олдин жамоатчиликка эълон қилади", тарзида ўзгартириш, яъни муддатнинг аниқ белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Тадбир иштирокчилари томонидан шунингдек, бошқа бир қатор таклифлар ҳам ўртага ташланди. Хусусан, Қонуннинг 59-моддасида ходимларни ижтимоий суғурталаш, соғломлаштириш, дам олдириш ва бошқа бир қатор имтиёзлар акс этган. Ушбу модданинг иккинчи хатбошига “Ишловчи ходимларнинг фарзандларини соғломлаштириш” жумласи киритилиши лозимлиги маъқулланди.

Тадбир давомида қонун лойиҳаси юзасидан барча таклифлар умумлаштирилиб, республика кенгашига тақдим этишга келишиб олинди.

Улуғбек Ғаниев,

Самарқанд вилояти Касаба

уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси

кенгаши юридик бўлими мудири.