“Касбга хиёнат” ёки олий таълим қачон коррупциясиз соҳага айланади?

“Кейинги икки йил давомида олий таълим тизимида 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келади.

Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан  3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади.

Коллеж ва лицейларда эса 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган”.

Мазкур статистик маълумотлардан  бугун барчамиз хабардормиз.

18 январь куни Республика Бош прокурори Н.Йўлдошев томонидан жамоатчиликка ошкор этилган бу рақамлар таълим тизимида, қолаверса, олий таълимда коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар самарали ташкил этилмаётганини англатади.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамкорликда ташкил этилган маърифий учрашувда бу вазият таҳлил қилинди. Бошқарма масъул ходими Улуғбек Эралиевнинг маърузасида келтирилишича, эндиликда коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар янгича ва тизимли олиб борилади. Республика Ҳукумати, шахсан Президент томонидан олий таълим тизимига қаратилаётган алоҳида эътибор, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оширилиши, уларни етарлича иш шароитлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тизимдан бу иллатни бутунлай йўқотиш борасидаги ҳаракатларимизга ижобий таъсир қилиши лозим, деди масъул ходим.

Дарҳақиқат, бугун олий таълимни “коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасида ОТМда тарғибот тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда. Кириш имтиҳонлари икки йилдан бери шаффоф, очиқ, қолаверса, онлайн тарзда ўтказилади.

Эндиликда ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда кузатилаётган салбий хатти-ҳаракатларга чек қўйилиши лозим.

Учрашувда “Касбга хиёнат”, деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильмда шу кеча-кундузда ОТМда юз бераётган коррупция ҳолатлари акс эттирилган.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.