Каттақўрғон шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати учун яратилган шароитлар намуна сифатида кўрсатилди
Каттақўрғон шаҳрида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Давлат ҳокимияти органлари ахборот хизматлари раҳбарларининг ОАВ билан ҳамкорлиги самарадорлиги” мавзусида семинар ташкил этилди.
Вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этган тадбирда матбуот котиблари олдига қўйилган вазифалар, улар билан ОАВ ходимлари ўртасидаги ҳамкорлик самаралари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати фаолиятига оид тақдимот ҳам ўтказилди.
- Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ходимлари учун барча шароитларга эга алоҳида хона ажратилган, - дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси Роҳила Очилова. - Бугунги сайёр семинарнинг айнан шу шаҳарда ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки бу ерда ахборот хизмати ходими учун керакли барча шароитлар яратилган. Ўйлаймизки, бошқа шаҳар ва туманларда ҳам ахборот хизмати раҳбарлари учун ана шундай имкониятлар яратилади.
Тадбир доирасида вилоят телерадиокомпаниясининг ижодий ва техник ходимлари маҳорат дарслари ўтказди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.