Каттақўрғон шаҳри Ўзбекистоннинг Лас-Вегаси бўла оладими?
Гавҳар Алимова вилоятдаги ҳокимлар, қолаверса, парламент юқори палатасига ҳудуддан сайланганлар орасида ягона аёл киши. У Каттақўрғон шаҳрида ҳоким сифатида иш бошлаганига салкам 2 йил бўлди.
Хўш, шу даврда шаҳарда нималар ўзгарди, нималарга унинг ҳам қўли калталик қиляпти? Вилоятимиздаги иккинчи йирик шаҳарда яна қандай ўзгаришлар бўлади? Аввалроқ Каттақўрғон шаҳри Ўзбекистондаги энг намунали шаҳарлардан бири бўлади (балки Ўзбекистоннинг Лас-Вегаси бўлар), деган гаплар чиққанди. Бу қанчалик асосли?
Шу ва бошқалар ҳақида билиш учун Олий Мажлис Сенати аъзоси, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимовага мурожаат қилдик.
- Гавҳар Зайировна, айтингчи, айнан Сизнинг ташаббусингиз ёки раҳбарлигингизда Каттақўрғон шаҳри аҳолиси ёки шаҳар ҳаётида нима ўзгариш бўлди?
Қандай режалар, ишларга улгурмадингиз ёки ҳоким бўла туриб қўлингиз калталик қиляпти?
- Бу лавозимда фаолиятимни бошлашим пандемия даврига тўғри келди. Шу боис, тўғриси, бошида озроқ ҳадик бор эди. Лекин шаҳарнинг зиёли халқи, кўпни кўрган нуронийлар, тадбиркорлар катта ёрдам берди. Каттақўрғонликларнинг самимийлиги, бой маънавий-маърифий муҳит, ҳар қандай шароитда ҳам доим қўллаб-қувватлашга тайёрликлари менда шаҳарга ва шаҳар аҳолисига ўзгача меҳр уйғотди. Ҳозир ўзимни каттақўрғонлик, деб ҳис қиламан.
Ўзгаришлар ҳақида гапирганда, ўтган салкам 2 йил давомида шаҳарда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини қайд қилиш лозим. Бунда Президентимизнинг эътиборлари билан Вазирлар Маҳкамасининг шаҳарни ривожлантириш бўйича қарорининг қабул қилингани муҳим омил бўлди. Қарор асосида шаҳардаги кўплаб ижтимоий соҳа объектларининг қиёфаси тубдан ўзгарди. Бундан ташқари, ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ёрдами билан шаҳар тиббиёт бирлашмасига скрининг аппарати, тиғсиз жарроҳлик лапораскопик ускунаси, яқинда рентгент берилди. Бу, табиийки, тиббий хизмат сифати ошишига хизмат қиляпти.
Шу вақтгача аксарият маҳалла бинолари таъмирталаб бўлган. Иш бошлаган дастлабки кунларимдан ҳар бир маҳаллага бориб, шароитларини тўлиқ ўргандим. Натижада талабга жавоб бермайдиган маҳалла бинолари бузилиб, янгилари қурилди.
Бундан ташқари, мактабгача ва халқ таълими бўлимлари ўз биносига эга бўлмаган. Яқинда бўлимлар учун қурилган янги бино замонавий технологиялар билан жиҳозланган ҳолда топширилди.
Албатта, фаолиятим давомида шаҳарда қилинган ишларга биринчи навбатда аҳоли баҳо беради. Лекин олдинда ҳали режаларимиз кўп. Уларни амалга оширишда муаммо бўлмайди, деб ўйлайман. Негаки, Давлатимиз раҳбари, вилоят ҳокими қўллаб турибди. Икки йил ичида шаҳар Президентимиз таъкидлаганидек, республикадаги энг намунали шаҳарга айланиши керак.
- Шунча салоҳият ва имконият бўла туриб, 9 ойлик якунлари бўйича ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми прогноз режага нисбатан 97 фоизни ташкил қилган. Адашмасам, вилоятда биргина Каттақўрғон шаҳри бу борада кутилган натижага эришилмаган.
Нима учун шундай бўлди? Сабаблар муҳокама қилиниб, муайян режалар белгиланганми?
- Биласизми, бизда озиқ-овқат саноати ривожи, белгиланган кўрсаткичга эришиш айрим йирик саноат корхоналарининг фаолияти билан ҳам боғлиқ. Жумладан, шаҳарда саноат ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил қиладиган озиқ-овқат соҳаси улушининг катта қисми “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖ ҳиссасига тўғри келади. Айрим сабабларга кўра, жумладан, чигит хом ашёсининг биржа савдоларида нархи ошиб кетганлиги ҳамда ишлаб чиқариш жараёни учун айланма маблағнинг етарли бўлмаганлиги сабабли ўтган йили корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажми олдинги йилларга нисбатан бироз камайган.
Бу йўқотишни қоплаш учун 2021-2022 йилларда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 2 та қайта ишлаш, 4 та ўсимлик ва пахта ёғи ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган.
Умуман, соҳа мутасаддилари билан бу масала бир неча бор муҳокама қилинган. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида зарур чора-тадбирлар белгилаб олганмиз. Йил якунида озиқ-овқат маҳсулотлари прогноз режасини 100 фоиз бажарамиз.
- Юқоридаги фикрни хизматлар соҳасида ҳам айтиш мумкин. Ваҳоланки, шаҳарда биргина транспорт ёки туризм хизматларини ривожлантириш ҳисобига соҳада юқори кўрсаткичларга эришиш мумкин.
- Аввало, шаҳарнинг туризм салоҳиятини кўтариш бўйича тегишли режаларни белгилаб олганмиз. Бу бўйича ўтган йили шаҳарга келиб-кетувчилар учун барча қулайликларга эга 2 та меҳмонхона қуриб фойдаланишга топширилди.
Юқорида айтганимдай, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари кетмоқда. Натижада келгуси йилларда шаҳар буткул янги, замонавий қиёфага киради, демакки, келиб-кетувчилар сони ҳам ошади. Шу боис, бугунги кунда жами 1381 та хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъекти бўлса, аҳоли гавжум жойларда 8 та йирик хизмат кўрсатиш мажмуаларини ташкил этишни режалаштиряпмиз.
Автобус қатнови бўйича шаҳар аҳолисидан ҳам таклифлар, мурожаатлар бўляпти. Шу боис, бу хизматни тиклаш бўйича зарур чоралар кўриляпти.
Илгари шаҳарда 2518-сонли автокорхона фаолият юритган. Айни пайтда бу ерда олдингидек хизмат кўрсатиш имконияти йўқ. Энди биринчи навбатда бекатлар қуриш лозим. Автобус қатновининг йўлга қўйилиши нафақат шаҳар аҳолисига, бу ерга келиб-кетувчиларга ҳам қўшимча қулайлик бўлади.
- Расмий манбаларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури бўйича шаҳарда бир қатор муаммолар мавжудлиги эълон қилинди. Фикримча, юқоридаги ҳолатлар бунда асосий ролни ўйнайди. Негаки, бюджетда маблағ етишмагач, табиийки, 50 фоизи маҳаллий имкониятга қараб қолган бу дастурларда оқсоқлик кузатилади. Шундай эмасми?
Умуман, ҳудудда ободонлаштириш борасидаги ишлардан кўнглингиз тўляптими?
- Тўғри, айрим сабабларга кўра дастурда белгиланган ишларни бажаришда бироз кечикишлар бўлди. Лекин қилинган ишлар ҳам кам эмас. Мисол учун, “Обод маҳалла” дастурига жорий йилда Оқ олтин ва Нуробод маҳаллари танлаб олинганди. Шу асосда 785 млн. сўм маблағ сарфланиб, маҳаллаларнинг маъмурий бинолари янгидан қурилди. Шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган 32 млн. сўм маблағ эвазига ҳар икки маҳалладаги 2 километр ички йўлга шағал тош ётқизилди.
Ҳудудлардаги белгиланган жойларга тунги ёритиш чироқлари, таянч устунлар, трансформаторлар ўрнатилди. Шунингдек, электр ва табиий газ бўйича янги тармоқлар тортилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Ичимлик сув ва оқова сув тармоғлари қурилди. Ҳар иккала ҳудудда 4 тадан маиший хизмат кўрсатиш бинолари иш бошлади.
- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тасдиқланганди. Биргина Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали очилганини ҳисобга олмаса, бизнингча, шаҳарда айтарли ўзгариш бўлмагандек. Ё адашяпмизми?
- Узоқ йиллардан буён эътибордан четда қолган шаҳарни ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 сентябрдаги қарори чиқарилгани катта ютуқ бўлди. Негаки, қарорга асосан жорий йилда 32 км. дан ортиқ кўча таъмирланди. Шунингдек, 660-ўринли янги замонавий мактаб биноси, мактаб ёнида кўп қаватли уй қуриляпти. 1 та мактаб реконструкция қилинди, 3 та коллеж ва техникум, 2 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланди.
Бундан ташқари, жорий йилда Ингичка қўрғонидаги Маданият саройи, шаҳар мудофаа бўлими ва 6 та маҳалла биносида янги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кўзи ожизлар жамияти учун янги кутубхона қуриб фойдаланишга топширилди. Истироҳат боғидаги собиқ “Эртак” қаҳвахонаси ўрнида шаҳар маданият бўлими учун “Халқ жамоалари” маркази барпо этилди.
Шунингдек, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 819.599 млрд. сўмлик 117 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ўтган йили қиймати 149,8 млрд. сўмлик 53 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 480 кишининг бандлиги таъминланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 303,8 млрд. сўмлик 81 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 771 та янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан, «Marokand gold oil ekstraksiya» МЧЖ томонидан қиймати 5,9 млрд. сўм ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.
"CLASSIC MOTOR" МЧЖ юқори босимли пластик қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширяпти. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион 400 минг доллар бўлиб, тўлиқ жамиятнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга ошириляпти. Нефтни қайта ишлаш лойиҳасига кўра 30 нафар янги иш ўринлари яратилди.
- Амалга оширилаётган ишларга қарамасдан Каттақўрғон шаҳрида ичимлик ва оқова суви ҳамон муаммолигича қолмоқда. Бу борада қачон ўзгариш бўлади, деб ўйлайсиз?
- Буни яширишнинг ҳожати йўқ, аввалдан Каттақўрғон шаҳри аҳолисини ичимлик сув билан таъминлашда муаммолар бўлган. Яъни, шаҳарнинг айрим ҳудудларида ичимлик ва оқова сувга бўлган эҳтиёж етарлича даражада қопланмаган.
Ҳозирда шаҳар аҳолисининг 71,3 фоизи марказлашган ичимлик суви ва 41 фоизи марказлашган оқова хизмати билан таъминланган. Шаҳар сув таъминоти бўлими тасарруфида 14 та сув иншооти ва 1 та оқова сувларини тозалаш иншооти мавжуд.
Келгусида шаҳарнинг қолган 28,7 фоизини ичимлик суви ва 59 фоизини оқова сувлари тармоғи билан тўлиқ таъминлаш бўйича алоҳида лойиҳамиз бор. Бу лойиҳани Жаҳон банкининг 66 млн. доллар кредит маблағлари доирасида 2022 йилда амалга ошириш кўзда тутилган.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.