Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда 16 та ёш оила янги уйларга кўчиб ўтди

Ёшлар куни муносабати билан Каттақўрғон туманида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Бугун эрта тонгдан туман марказидаги кўнгилочар масканлар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва қишлоқ гузарларида бўлиб ўтган тадбирлар ёшларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.

Пайшанба шаҳарчасидаги кўркам истироҳат боғи ва марказий ўйингоҳда уюштирилган “Ёшлар – келажагимиз!” шиори остидаги маданий-маърифий тадбирларда истеъдодли ёшларнинг ранг-тасвир асарлари, миллий ҳунармандлик буюмлари, ёш тадбиркор ва фермерлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Турли танлов ва спорт мусобақалари, мушоира кечалари ўтказилди. Меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Байрам муносабати билан тумандаги 16 та ёш оилага янги қуриб битказилган уйларнинг калити топширилди. Ёшлар уйини топшириш тадбирларида туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов иштирок этди ва замонавий, қулай шарт-шароитларга эга уйларга кўчиб келаётган ёш оилаларни қутлади.

Фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида 56 ўринга мўлжаллаб бунёд этилган болалар боғчаси ҳам ўз фаолиятини бошлайди.

– Мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида биз, ёшларга берилаётган юксак эътибордан беҳад хурсандмиз, - дейди “Лизингтехникасервис” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд вилоят филиали ходими Бунёджон Рўзиев. - Бугун мен ҳам бошқа тенгдошларим қатори янги қуриб битказилган хонадонлардан бирининг соҳиби бўлдим. Турмуш ўртоғим ва икки фарзандим билан бирга янги уйни қабул қилиб олдик. Шинам, кенг, кўркам уй бизга жуда ёқди. Барча ташкилотчилардан миннатдормиз.

Шунингдек, туман маданият саройида "Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Учрашувда А.Баҳромов туман ёшлари билан дилдан суҳбатлашди, орзу-интилишлари, мавжуд муаммолари, таклифлари тинглади, ўзаро фикр алмашди ва уларнинг муаммолари ечими бўйича масъулларга вазифалар берди. Ташаббускорлар ҳоким томонидан муносиб тақдирланди.

Тадбирлар доирасида бадиий гимнастика бўйича туман очиқ биринчилиги ўтказилди. Ёшлар сайли таниқли хонанда,  “Ниҳол” мукофоти совриндори Жасур Умиров ҳамда бошқа санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт дастури билан давом этди.

Шуҳрат ҚАРШИЕВ.