Каттақўрғонда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан сув таъминоти кенгайтирилади

Жаҳон банки Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидаги сув таъминотини ва канализация тармоқларини янгилаш ва қайта таъмирлаш учун 239 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.

Банкнинг Директорлар кенгаши 12 март куни сув таъминоти ва уни қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш лойиҳасини молиялаштириш учун ушбу кредитни мақуллади. Бу ҳақда Gazeta.uzга банкнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси хабар берди.

Ўзбекистонда сув таъминоти ва канализация инфратузилмаси асосан совет даврида яратилган. Бугунги кунда у эскирган бўлиб, қайта таъмирлаш ва кенгайтиришни талаб қилади. Лойиҳани амалга оширгандан сўнг Ўзбекистоннинг учта минтақасида 500 мингдан ортиқ одам сув таъминоти ва санитария хизматларидан яхшироқ фойдаланиши кутилмоқда.

Лойиҳада Қорақалпоғистон, Нукус, Тахтатош ва Хўжайли канализация ва сувни қайта тозалаш иншоотларини янгилаш кўзда тутилган. Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилиб, қайта таъмирланиши кўзда тутилган.

Самарқанд вилояти “Сувоқава” ДУК матбуот хизмати.