Жаҳон банки вице-президенти Самарқандда
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Самарқанд темирйўл вокзалида меҳмонларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов кутиб олди.
Делегация дастлаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ҳамда Самарқанд тумани Захлик маҳалласида жойлашган оқова сувларни қайта тозалаш иншооти фаолияти билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, оқова сувларни қайта тозалаш иншооти Жаҳон банки маблағлари кўмагида реконструкция қилинган бўлса, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг янги биноси банк кўмагида бунёд этилиб, замонавий тиббий ускуналар билан таъминланган.
- Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича янги тайинланган вице-президенти Антонелла Бассани билан биргаликда Ўзбекистонга келганимдан хурсандман, - дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Татьяна Проскурякова. - Биз Ўзбекистон билан 30 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Бугунги кунда ҳам умумий қиймати 6 миллиард долларга яқин йигирмадан ортиқ лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш ва оқова сув тизимлари бўйича Самарқандда амалга оширилаётган лойиҳаларимизни кўздан кечирдик. Бевосита ушбу объектларда бўлиб, ҳамкорлигимиз ижобий самара бераётганлигига гувоҳ бўлдик.
Меҳмонлар куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Халқимизнинг бой маданий мероси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Алишер Исроилов.