Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда сув таъминоти янгиланмоқда

Ҳар бир киши учун хонадонда тоза ичимлик суви бўлиши оддий эҳтиёж. Аммо йиллар давомида сув таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган аҳоли учун бу масаланинг ечими нақадар муҳим эканини тасаввур қилиш қийинмас.

Афсуски, Каттақўрғон шаҳрида ичимлик суви таъминоти масаласи узоқ йиллар давомида долзарб бўлиб келди. Бу муаммо аҳолининг кундалик турмуши, оилавий юмушлари ва яшаш шароитига бевосита таъсир кўрсатди. Шу боис бугун сув таъминоти тизимини янгилаш ва мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади.
Назаримда, ҳудуд тараққиётини фақат янги бинолар, йўллар ёки замонавий иншоотлар билан баҳолаб бўлмайди. Тараққиёт, аввало, инсонлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда, уларнинг кундалик ташвишлари камайишида, хонадонларига қулайлик кириб келишида намоён бўлади. Аҳоли йиллар давомида ечимини кутиб келган муаммоларнинг бартараф этилиши ҳам ана шу ўзгаришларнинг муҳим кўрсаткичидир.

Кейинги йилларда Президент қарори асосида Каттақўрғон шаҳрида ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида «Муртак» ва «Кўрпа» сув иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, «Ингичка–Сепки» сув тармоғи янгиланди. Айни пайтда «Бойназар» оқова сувларни тозалаш иншоотида реконструкция ишлари олиб бориляпти.

Яқинда «Муртак» сув иншоотидаги қудуқ синовдан ўтказилиб, ундан дастлабки сув намунаси олинди. Бу сув таъминоти тизимини янгилаш жараёнидаги муҳим амалий босқичлардан биридир.
Албатта, дастлабки сув намунасининг олиниши барча муаммолар тўлиқ ҳал этилди, дегани эмас. Энг муҳими, қурилиш ва синов ишлари тўлиқ якунланиши, сув сифати белгиланган санитария талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши ҳамда аҳолига барқарор ва узлуксиз ичимлик суви етказиб берилиши зарур. Зеро, аҳоли учун иншоотнинг ишга туширилгани ҳақидаги хабардан ҳам кўра, хонадонларда сувнинг мунтазам оқиб туриши, унинг сифати ва таъминотининг ишончлилиги муҳимроқдир.

Ишонаманки, Каттақўрғонда сув таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўлиқ якунланиб, аҳоли кутган натижаларни беради. Энг катта ютуқ — одамларнинг йиллар давомидаги ташвишлари камайиши, хонадонларида қулайлик яратилиши ва эртанги кунга бўлган ишончининг мустаҳкамланишидир.
Тоза ичимлик суви — шунчаки коммунал хизмат эмас. У инсон қадри, саломатлиги ва муносиб ҳаётининг муҳим асосидир. Каттақўрғонда йиллар давомида долзарб бўлиб келган ушбу масаланинг ечим сари бораётгани аҳоли учун катта умид ва кутилган ўзгаришлардан дарак беради.

Феруза Раҳимова,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.