Каттақўрғонда уйида гиёҳвандлик моддалари сақлаб келаётган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Фуқаро мурожаатига асосан 26 апрель куни Каттақўрғон шаҳар Оқ олтин маҳалласида яшовчи П.Б. шаҳар ИИБга олиб келиниб, холислар иштирокида унинг ёни кўздан кечирилганда, чўнтагида 2 дона оқ рангли қоғоз бўлакларига солинган марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Бундан ташқари, тергов-тезкор гурухи томонидан ушбу шахснинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ётоқхонаси ва ертўласидан жами 11 дона пакетга ва 13 дона қоғоз бўлакларига солинган қуритилган ҳолдаги марихуана гиёҳвандлик воситаси ва ўсимлиги уруғлари, “Беломарканал” номли сигареталар, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун мўлжалланган "муштук" аниқланиб, холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бўлимининг маълумотномасида, ҳужжатлаштириб олинган гиёҳвандлик моддаларининг соф оғирлиги 50,5 граммга тенглиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25 ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
П.Б. жиноят ишига гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.