Каттақўрғонда яна қулупнай пишди

Туманда қулупнайчилик соҳаси изчил ривожланмоқда. Эндиликда бу даромадли ва бозорбоп йўналиш фақат баҳорда эмас, балки куз фаслида ҳам мўл ҳосил билан қувонтирмоқда.

Туманда аҳолига 1916 гектар ер майдони деҳқон хўжаликлари сифатида ажратилган бўлиб, бу ҳудудларда 5 мингдан ортиқ оила турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан банд. Айни вақтда улар орасида қулупнайчиликка ихтисослашган деҳқонлар сони ортиб бормоқда.

Валижон маҳалласида яшовчи Асомиддин Нурқувватов тажриба асосида “Чарли” навли қулупнайни 60 сотих ер майдонида парваришламоқда. Ушбу навнинг афзаллиги шундаки, баҳорда биринчи ҳосилни бергандан сўнг, сентябрь ва октябрь ойларида яна пишиб, етилади. Бу эса деҳқон учун йилнинг икки фаслида ҳам даромад олиш имконини беради.

— Биз етиштирган қулупнайнинг ҳар килоси ўртача 40-45 минг сўмдан сотилмоқда. “Чарли” нави серҳосиллиги, мазалилиги ва узоқ сақланиш хусусияти билан ажралиб туради, — дейди Асомиддин ака.

Ҳозирда тумандаги бир қанча деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари қулупнайнинг “Чарли”, “Тошкент”, “Виктория” каби навларни синаб кўрмоқда. Тажриба натижалари шуни кўрсатмоқдаки, тўғри агротехника ва парвариш орқали қулупнайдан юқори ҳосил олиш мумкин.

Жаҳонгир Сафаров.