Каттақўрғонда ёшларнинг спортга қамрови ўн фоизга ошди, лекин...
Олис ҳудудлардаги спорт иншоотларининг ҳолати ва мактабларда ёшларнинг шуғулланиши учун яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлдик. Туманда 103 та умумий ўрта таълим мактаби, битта спорт мактаби ва муассасага қарашли 2 та стадион бор.
- Мактабларнинг 38 таси газлашган, 65 таси кўмир билан иситилади, - дейди туман халқ таълими бўлими методисти Мансур Бобоев. – Жорий йил 1859 тонна кўмир олдик ва мактабларга тарқатдик. 14 та мактабдаги эскирган қозонлар янгисига алмаштирилиб, мўриконлар тозаланди. Ҳозирда барча муассасалар иситилмоқда.
Туманда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида 9,5 километр саломатлик, 9,5 километр велойўлак, 1 та стритбол, 7 та “Workout” майдончаси фойдаланишга топширилган. Қурилиш ишларига 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланибди.
- Каттақўрғонда 7-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 121 минг нафарни ташкил қилади, - дейди туман спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи ўринбосари Сарвар Тоғаев. – Ўтган йил 26 минг нафар, яъни 11 фоиз ёшлар спортга жалб қилинган эди. Жорий йил “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 41 мингдан зиёд, яъни 21 фоиз ёшлар қамраб олинди ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 10 фоизга ошди. Шунингдек, ёшларимиз Осиё чемпионатида биттадан кумуш ва бронза, Ўзбекистон чемпионатида 5 та олтин, 6 та кумуш, 7 та бронза медалларини қўлга киритди.
Шу ўринда айтиш керакки, ютуқлар билан бирга, соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Жумладан, туманда 280 минг аҳоли яшайди. Шунинг ҳисобига олимпия спорт турлари камида 20 дан ортиқ бўлиши керак. Аммо бизда 12 та олимпия спорт тури бор, холос. Шунингдек, туманимиздаги 103 та мактабдан 68 тасида спорт зал бўлса, 35 тасида йўқ, 10 таси эса таъмирталаб.
Каттақўрғонда ёшларни спортга жалб қилиш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш бўйича бир қатор амалий ишларга қўл урилган ва яхши натижаларга ҳам эришилган. Аммо умумий ўрта таълим муассасаларидаги ва соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қийнаб келаётган муаммоларга барҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.