Каттақўрғондаги кутубхонанинг гавжумли сири нимада?

Гап Каттақўрғон шаҳар тиббиёт коллежи қошидаги ахборот-ресурс маркази ҳақида бормоқда.

Кутубхона 32 600 га яқин китоб фондига эга. Масканнинг доимий китобхонлари 2250 нафарни ташкил этади. Ахборот-ресурс марказида компьютер, сканер ва принтердан фойдаланиш, интернет тармоғига уланиш мумкин.

Коллеж ахборот-ресурс марказининг китобхонлар доираси кенг. Кутубхона хизматидан шаҳарнинг Ўрикзор, Навбаҳор, Дўстлик маҳалласи фахрийлари ҳам фойдаланади.

- Кутубхона ходимлари бизни очиқ чеҳра билан кутиб олади, тадбирларга таклиф этади, - дейди Соли Муқимов. – Ёшим 67 да. Бу ерга тез-тез келиб, янги газета-журналларни мутолаа қилиб қайтаман.

Яқинда коллежда фаол китобхонлар иштирокида “Китоб ва китобхон” мавзусида давра суҳбати уюштирилди.

- Бугун китоб чоп этиш анча осон бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам пули бор, китоб харажатларини тўлашга қурби етадиганлар турли “китоб”лар чиқара бошлади, - дейди коллеж директори Эркин Нурназаров. – Тадбирда сўнгги йилларда чоп этилган энг яхши асарлар, халқчил, мазмунли китоблар, шунингдек, айрим нашриётларда “мендан кетгунча...” қабилида босилиб, тарқатилаётган “китоб”лар хусусида ҳам суҳбатлашдик. Мен ўқувчиларимга асл бадиий, илмий-публицистик китобларни ўқишни маслаҳат бераман. Улар билан давра суҳбатлари уюштириб, ўқиган китобларини сўраб бораман.

Коллеж қошидаги ахборот-ресурс марказининг гавжумлиги ҳам шунда. Бу ерда таҳсил олаётган ёшлар китоб мутолаа қилмасдан етук касб эгаси бўлолмаслигини яхши билишади.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.