Каттақўрғонлик фермер пахтадан 61 центнер ҳосил олди

Туманда Алишер Мавлонов раҳбарлик қилаётган “Дил Алишер” фермер хўжалиги аъзолари ҳар йили пахта ҳосилдорлигини 4-5 центнерга ошириб келади. Бу йил 61 центнер ҳосил олишга эришди.

Бу пахтачиликда катта натижа. Бунинг сири нимада?

Биринчидан, фермер хўжалиги аъзолари илғор хориж услубини ўзлаштириш мақсадида “Netafim” компанияси томонидан “ақлли” суғориш технологиясини қўллаган.

Иккинчидан, ҳар бир хўжалик аъзоси учун моддий манфаатдорлик юқори.

- Томчилатиб суғориш қишлоқ хўжалигининг "юзи"ни ўзгартиради, – дейди “Netafim” компаниясининг Ўзбекистондаги филиали бош агрономи Ейтан Левнин. – Тармоқда инновацион технологияларни пухта ўзлаштириш ва амалиётда қўллаш бугунги даврнинг ҳар бир фермери учун моддий манфаатдорликни ошириш, ишчи кучи ва бошқа ресурсларни тежашнинг ягона йўлидир.