Кеча 3 очкони бой берган “Шердор” энди “Хоразм”га қарши ўйнайди

11 апрель куни Ўзбекистон ПРО лигасининг 2-тур доирасида Самарқанднинг “Шердор” жамоаси ўз уйида Тошкент вилоятининг “Нурафшон” жамоасини қабул қилди. Учрашув кескин курашларга бой бўлди.
Дастлабки дақиқалардёқ самарқандлик футболчилар кескин ҳужумларга эътибор қаратиб, рақиб дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятлар яратди. Бироқ, икки бор қилинган қарши ҳужумда меҳмонлар ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
Дастлаб, 15-дақиқада “Шердор” ҳимоячиларининг қўпол хатосидан сўнг меҳмонлар футболчиси Элбек Равшанов ҳисобни очган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб Фаррух Шотурсунов орадаги фарқни 0:2 кўринишига олиб келди.
Ўтказиб юборилган иккита тезкор голдан сўнг “Шердор” футболчилари бор эътиборини ҳужумга қаратди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида, аниқроғи 44-дақиқада Муни Мирмуҳсин Юсуповнинг бурчакдан узатиб берган тўпини Фарзин Мухторов бош билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. 1:2.
Иккинчи таймда ҳам “Шердор” бор эътиборини ҳужумга қаратиб, ҳисобни тенглаштириш учун қатор хавфли вазиятларни вужудга келтирди. Яратилган вазиятларда “Нурафшон” ҳимоячиларининг аниқ ҳаракати ва дарвозабоннинг маҳорати жамоани муқаррар голлардан сақлаб қолди.
Ниҳоят, “Шердор”нинг 72-дақиқада амалга оширган ҳужуми ўз самарасини берди. “Шердор” ҳимоячиси Фурқат Рахмоновнинг чамаси 35 метрлардан йўллаган зарбасини “Нурафшон” дарвозабони Равшанбек Ягудин қайтаришга ожизлик қилди. 2:2.
Ҳисобни тенглаштирган самарқандлик футболчилар дастлабки ўйинда қимматли уч очкони қўлга киритиш учун бор кучи-ғайрати билан ҳужумлар уюштиришди. Бироқ, яратилган вазиятларни голга айлантиришда ноаниқликка йўл қўйишди.
Ўйиннинг 81-дақиқасида “Шердор” ҳимоячиларининг тажрибасизлиги жамоага қимматга тушди. “Нурафшон” жамоасининг ўнг қатондан уюштирилган ҳужуми голга айланди. 2:3.
Ўйиннинг қолган дақиқаларида “Шердор” футболчилари ҳисобни тенглаштириш учун бир қатор ҳужумларни амалга оширган бўлсада, учрашув якунида 2:3 натижаси ўзгармай қолди. Шу тариқа “Шердор” иккинчи турда қимматли уч очкони бой берди.
Фарҳод НОРБЎТАЕВ, «Шердор» ФК матбуот котиби.