Келажакнинг хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти

Гап соя экини ҳақида бормоқда. Маълумотларга кўра, соя дунё мамлакатларида 100 миллион гектарга яқин майдонда экилади. Ер аҳолисининг 53 фоизи фақатгина соя мойини истеъмол қилади.

Соянинг афзаллиги нимада?

Бу ўсимлик дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулотлар тайёрланади ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилади. Соя инсон организмида тез ҳазм бўлиши, зарарсизлиги билан пахта ва бошқа ўсимликлар мойидан устун туради. Дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи, 40-45 фоизгача углеводлар, витаминлар, маъдан моддалар бор. Шунингдек, соя дони ҳайвон оқсилида учрайдиган барча алмашлаб бўлмайдиган аминокислоталарни  сақлайди. Шунинг учун соя оқсилидан сут, қатиқ, творог, пишлоқ, турли хил гўштлар, экологик тоза сифатли мой олиш мумкин. Унинг оқсилидан қон плазмалари, кўзойнаклар учун сифатли линзалар тайёрланади ва жун, газламалар ишлаб чиқарилади.

Яна бир хусусияти соя уни қўшиб тайёрланган нон маҳсулотлари қотиб қолмайди ва улар 4-5 кун давомида юмшоқ бўлиб туради ҳамда буғдой унидан пиширилган нонларга қараганда икки марта тўйимли ҳисобланади.

Ерни бойитадиган ўсимлик

Соя дуккакли ўсимлик сифатида ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб олади ва тупроқни азот билан бойитади. Тупроқ структурасини яхшилаб, биологик унумдорликни оширади, ўзидан кейин тупроқда 55-60 килограмм миқдорда соф азот қолдиради. Соя экилган далаларда тупроқнинг микрофлораси яхшиланади, тупроқда биологик ва экологик тизим вужудга келади. Чувалчанглар, ризобиум бактериялари ва бошқа фойдали организмлар яшаши учун қулай муҳит юзага келади.

- Илмий тажрибаларда соя экилгунга қадар тупроқдаги гумус миқдори 0,65-0,72 фоиз бўлган бўлса, соя экилгандан кейин кузда гумус миқдори 0,95-1,03 фоизга етади, - дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессори Насриддин Халилов. - Бугунги кунда юртимизда соянинг “Барака”, “Виктория”, “Генетик-1” “Грациа”, “Дўстлик”, “Нафис”, “Орзу”, “Олтин тож”, “Ойжамол”, “Сочилмас”, “Ўзбек-2”, “Ўзбек-6”, “Устоз”, “Парвоз”, “Фаворит” каби навлари давлат реестрига киритилган.

Ҳозирда сояга бўлган талабнинг 10-20 фоизи республикамизда етиштирилган маҳсулот ҳисобидан, катта қисми хориждан валютага келтирш ҳисобига қопланмоқда. Республикамизда 2019 йилда 10 минг, жорий йилда эса 20 минг гектар ерда соя экилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги “Самарқанд вилоятида соя етиштириш соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан соя етиштиришни ташкил этиш ҳамда соя ҳосилининг прогноз кўрсаткичлари бўйича вилоятимизнинг 5 та туманида 2018-2020 йилларда 15 минг гектар майдонда соя етиштириш ва 25 минг 500 тонна ҳосил олиниши белгиланганди.

Аммо хўжаликларнинг аксарияти соянинг гектаридан бор-йўғи  10-15 центнердан ҳосил олмоқда. Кам ҳосил етиштирилиши унинг технологиясига риоя қилмаслик, навларни тўғри танламаслик, сув таъминоти, унумдорлиги паст майдонларда ушбу ўсимлик экилиши билан боғлиқ.

Соядан 180 миллион сўм даромад

Жорий йилда вилоятимизда 1300 гектар майдонда такрорий экин сифатида соя экилди, 2021 йилда эса 1000 гектар асосий майдонда ушбу ўсимлик экилиши режалаштирилган.

- Тўрт йилдан буён соя етиштирамиз, - дейди Каттақўрғон туманидаги “Нурли Миёнқол” фермер хўжалиги бошлиғи Набижон Каримов. – Бу ўсимлик ернинг структурасини яхшилаш, ернинг балл бонитетини оширишга хизмат қилади.

Соянинг “Нафис”, “Ўзбек-6” навлари вилоятимиз тупроқ, иқлим шароитига жуда мос келади. Шу боис, билим ва тажрибамиздан келиб чиқиб жорий йилда “Нафис” навли уруғлик соядан 25 гектар эккандик. Сизот суви яқин майдонни танлаб, агротехник тадбирларни тўғри олиб борганимиз боис режадаги 17 центнер ўрнига гектаридан 20-22 центнердан ҳосил олдик. “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти билан 1 тонна хомашё учун 6 миллион 765 минг сўмдан шартнома тузгандик ва ҳосилдан 180 миллион сўм даромадга эришдик. 2021 йилда ҳам 15 гектар асосий  майдонда соя экишни режалаштириб турибмиз.

Бу йил гектаридан 35 центнер, кейинги йил 40 центнер ҳосил олинади

 Соя қайта ишлаш саноатида қулайлиги билан бирга истеъмолчиларни ёғ-мой билан таъминлашда ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис, “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти фермер хўжаликлар билан ҳамкорликда соя етиштириш ва сифатли ёғ ишлаб чиқариш борасида яхши янгиликларни амалиётга жорий этмоқда.

- Жорий йилда ҳудуддаги фермер хўжаликлар билан тузилган шартномага асосан 1300 гектар майдонда соя етиштирилди ва ундан 1887 тонна ҳосил олинди, - дейди “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Дилшод Ғаффоров. – Бир неча йил олдин хўжаликларга Россия давлатидан келтирилган уруғлик қимматлиги ва иқлимга мос келмаслиги сабаб қисқа муддатда пишиб, гектаридан 10-12 цетнергача ҳосил олинарди. Бу иқтисодий жиҳатдан самарасиз эди. Шу боис, мутахассислар билан биргаликда соянинг маҳаллий “Ўзбек-6” ва “Нафис” навларини синаб кўрдик. Натижаси жуда самарали бўлди. Маҳаллий навлар касалликка чидамли, ҳосилдорлиги юқори, вегетация даври узоқ, асосийси, иқлимга мослашганлиги туфайли Нарпай туманидаги “Пахтакор” фермер хўжалиги гектаридан 35 центнер, Каттақўрғон туманидаги “Нурли Миёнқол” фермер хўжалиги ва “Каттақўрғон элита” уруғчилик хўжалиги 25 центнердан ҳосил олди. Кейинги йил эса яна 1000 гектар ерда соя етиштириш ва ҳосилдорликни бундан-да оширишни режалаштиряпмиз.

Соянинг хориждан келтириладиган “Арлетта”, “Аванта”, “Спарта” навлари 90 кунда, “Селекта-302”, “Селекта-201” навлари 115-120 кунда, маҳаллий навлар 145-150 кунда пишишини ҳисобга олсак, соядан бир йилда икки маротаба ҳосил олиш имкони бор. Қайта ишлашга келадиган бўлсак, соядан 18-20 фоизгача ёғ қандолатчилик маҳсулотлари олинади. Қолаверса, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари учун ҳам муҳим озуқа маҳсулоти ҳисобланади. Маҳсулот асосан ички бозорда сотилади.                

Истиқболда бу каби экинларни кўпайтириш хўжаликларнинг даромадини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришишда муҳим ҳисобланади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.

“Зарафшон” мухбири.