Кимни олдин тарбиялаш керак, катталарними ёки болаларни?

Хасаки ўғри

Эрта тонг чоғи кўчага чиқсам, қўшнимиз Марат тижоратчи дарвозаси қаршисига бир машина пишиқ ғишт келтириб тўкибди.

Ғиштмисан ғишт эканда ўзиям, худди олтин қуймаларидек ялт-юлт қилади-я! Ҳа, ярамас Марат-а, кундан-кунга семириб, бойиб кетаяпти. Бу луқманиям ўмарганда биронта хуфя жойдан. Ай, менга нима, ҳавасим кетди, ана шу олтин ғиштларидан ҳеч кимга билдирмай ўттиз-қирқта оламан. Тижоратчи учун хас-хашакдай гапда бу ғиштлар. Тоғдан бир тош.

Ўтирғичда бир оз ўтирдим.

Марат ҳамсоя қаёққадир кетгач, кўча жим-жит бўлиб қолди.

Ён атрофга олазарак қараб, астагина ўрнимдан турдим-да, ғиштларнинг энг сараларидан териб, ими-жимида ҳовлига киргиза бошладим.

Бир пайт қарасам, ёнимда мактабга кетаётган катта неварам анграйиб турибди.

- Э, нима қилаяпсиз, бобо?

- Ай, Марат акангнинг пишиқ ғиштидан тўрт-бешта киргиздим ҳовлига. Гулзоримиз четига тераман буларни.

- Тўрт-бешта эмас, киргизган ғиштларингиз жуда кўп-ку, бобо! Сўрагансизми ишқилиб, у кишидан?

- Ай, сўраб нима қиламан, арзимас ғиштда бу…

- Арзимас бўлсаям сўраш керак эгасидан, бобо. Сўрамай олсангиз ўғирлиқи дейишади. Ўзингиз айтгансизку, «ўғирлик битта тухум ўғирлашдан бошланади», деб, эсингиздами?

- Э, ўғирлик эмас бу! Хасаки, майда-чуйда ўғирлик аталади бу халқ ичида. Хасаки ўғирликда бу! Хасаки… Бор, мактабингга жўна! Бо-ор!!!

- Бобо, бобо, у кишининг аёллари жуда баджаҳл, жангари…

- Баджаҳл бўлса, менга нима. Жодугар бўлмайдими… Бор, жўна мактабингга! Бугун тухумдан чиққан жўжа…

…Кечқурун «бир тўшак касал» ҳолда ётгандим, ёнимга оҳиста ўша неварам келди.

- Ҳа, бобо, сизга нима бўлди?

- Маза йўқ, боягина қўшни Марат акангнинг ўша баджаҳл хотини боплаб «чилёсин» қилиб кетди.

- Чилёсини нима у, бобо?

- Келиб оппоқ соқолимга тупирди, лаънати! «Ўғирлаган ғиштларинг мозорингга қўйилсин, сен бетиқоранинг» деди шанғиллиб. Чилёсини шу, улим!

Муродим УМРЗОҚОВ.