Хизмат итларининг жанговор кўникмаларга тайёрлиги синовдан ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида хизмат қилаётган ходимлар ва хизмат итларининг ҳаракатларини янада уйғунлаштириш, уларнинг жанговор кўникмаларини ошириш, бириктирилган топшириқларни бажаришда аниқлик ва тезкорлигини яхшилаш мақсадида Самарқанд вилоятидаги Кинология марказида навбатдаги амалий ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Унда хизмат итлари билан кинологларнинг чаққонлиги, тезкорлигини оширишга қаратилган турли тактик амаллар бажарилди. Машғулотлар давомида ҳар бир кинолог ходимга ўз тажрибаларини янада мустаҳкамлаб боришлари лозимлиги айтиб ўтилди.
Бугунги кунда Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси таркибида республика кинология марказидан келтирилган жами 22 та хизмат итлари ҳарбий хизматчилар билан бирга хизмат олиб бормоқда. Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси таркибида эса 5 та из-қидирув йўналишига мослашган шарқий европа овчаркалари хизмат олиб бормоқда.
Бу каби ўқув машғулотлари ходимлар ва хизмат итларининг кўникмаларини янада ошириш билан бирга ҳар йили соҳавий ҳизматлар ўртасида мунтазам ўтказиб келинаётган Кинолог мутахассисларининг хизмат кўпкураши бўйича республика очиқ биринчилиги каби мусобақаларида фаол иштирок этишини таъминлайди. Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармасининг хизмат итлари мазкур танловнинг 2022 йилдаги мавсумида фахрли ўринларни қўлга киритди.