Китобга ошно – маънавиятга ошно демакдир!
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ҳамкорлигида “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” туркуми остида чоп этилган “Мулоҳаза учун”, “Газетада акс этган тарих” ҳамда “Мунгли кўзлар” китоблари тақдимоти ўтказилди.
Мазкур тадбир мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “INFOLIB O‘ZBEKISTON-2024” XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳамда “Ёш кутубхоначилар” тўртинчи республика форуми доирасида ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар дастлаб фахрий журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Тоғаймурод Шомуродовнинг ҳикоялар, мулоҳазалар, таржималари жамланган “Мунгли кўзлар”китоби юзасидан фикр билдирди. Китобда уни ўқиган ҳар қандай кишини мулоҳазага чорловчи кўплаб фикрлар баён этилгани, ибрат сифатида кўрсатиб ўтилган воқеалар ҳаётий эканлиги таъкидланди.
Ушбу асарда муаллиф инсон ҳаётининг нечоғлик қадрли эканлиги, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, сабр-қаноат бироз камайгани хусусида сўз бориши таъкидлаб ўтилди. Бу кичик ҳаётий ҳикоялар келгусида теленовелла тарзида халққа намойиш этилса, фойдали экани таклиф этилди.
- Уйимиздаги мўъжазгина кутубхонамиздаги китоблардан олиб доим дадам бизга қизиқарли воқеаларни айтиб бергани ва китоб ўқишга ундагани бизни китобга ошно қилган, - дейди муаллифнинг қизи Гулистон Шомуродова. – Ҳаётий ҳикояларни шундай усталик билан ёзадики, биз ўзимиз ҳам ҳайратланамиз. Дадамнинг юморга бойлиги барчамизни ўша даврага бирлаштириб туради. Ўша кулгили воқеларни ҳам доим газетага ва китоб ҳолга келтиришга ҳаракат қилади.
Тадбир газета таҳририяти жамоаси ташаббуси билан чоп этилган “Мулоҳаза учун” ва “Газетада акс этган тарих” китоблари тақдимоти билан давом этди.
“Зарафшон” газетаси масъул котиби Абдуғофур Шерхолов, фахрий ижодкор Толиб Жўраев томонидан китобларнинг яратилиши ва унда келтирилган танқидий мавзулардаги материаллар газета саҳифасида ҳам эълон қилингани, таҳририят архивида сақланаётган газета саҳифасида берилган маълумотлар жамлангани таъкидланди. Айниқса, “Мулоҳаза учун” рисоласи мухбирликка ҳавас қилган ҳамда бўлажак журналистлар учун айни зарар қўлланма эканлиги алоҳида тилга олинди. Унда келтирилган мавзуларда турмушнинг руҳиятимиз билан боғлиқ нозик масалалари акс этган мулоҳазалар жамлангани таъкидлаб ўтилди. “Газетада акс этган тарих” рисоласи ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмаслиги айтилди. Рисолада газета – тарих ва жамият кўзгуси эканлиги, шу билан бирга, воқеликни аниқ далиллар асосида, таҳлилий ёндашувлар билан ёрқин бўёқларда акс эттирадиган ишончли манба экани айтилди.
Шунингдек, тадбир давомида китобхонлик ҳафталиги доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев маълумот берди.
Учрашув якунида муаллифлар томонидан чоп этилган китоблар тадбир иштирокчиларига тарқатилди ҳамда кутубхонага совға қилинди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.