Кўпкарининг ҳикмати нимада?

Эрта тонгдан Пайариқ туманининг Кўлтўсин кенглик­ла­ри уз­ра таралган кар­най-сурнай садолари бар­чани Наврўз сайли томошаларига чорлади. Саксон, тўқсон ёшни қоралаган боболардан бошлаб, эндигина сўзлашаётган жажжи болажонлар ҳам Наврўз сайлида ташкил этилган кўпкари, кураш, чиллак, (ланка), арқон тортиш каби миллий ўйинлар томон ошиқди.

- Халқимиз Наврўз байрамини қадим замонлардан буён янги йилнинг бошланиши, деб қувонч билан қарши олишган, - дейди Кўлтўсин МФЙ раиси Қаҳрамон Қаршибоев. – Овулларимизда баҳор фасли кириб келиши билан Наврўз байрамига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилади. Наврўз нафақат янги йил, балки меҳнат, деҳқончилик ишларини бошлаш байрами ҳам саналган. Шу боис баҳорнинг биринчи ойида йилбоши ўтказилади. Унда барча отахону онахонлар йилнинг қутлуғ келишини тилаб, дуога қўл очишади. Келгусидаги ишлар белгилаб берилади. Ариқларнинг тозаланиши, экин-тикинларни суғоришдаги навбатлар келишиб олинади. Отар-отар молу қўйларга чўпон тайинланади. Қишлоқ аёллари эса сумалак пишириб, бутун элга тарқатишади.

Барчанинг эътибори кўпкарида. Туёқларини ерга зарб билан босган отнинг кишнаши-ю, ёшларнинг ҳайқириғи, улоқни тақим остига олган чавандознинг отга қамчи босишидан эшитилган товуш ҳар бир эр йигитни ўзига тортади. Мен ҳам чавандозларнинг метин иродасини кўриш, улоқни чортоққа ҳалол ташлашда жонбозлик кўрсатаётган полвонлар билан суҳбатлашиш мақсадида улар томон шошилдим. “Навбатдаги жалов (соврин) қўчқор”, - дея баковул (ҳакам) чавандозларни майдонга чорлади.

- Кўпкари аждодларимиздан қолган миллий мерос, - дейди накуртлик полвон Турғун Нурмуҳаммедов. - Чайир, учқур саманлар паҳлавонларни мардлик, ҳалоллик ва шижоатга ундайди. Азалдан фақат юра­гида ўти бор, ғурури баланд йигитлар­ги­на улоқ чопиш учун дав­рага тушганлар. Чавандоз йигитнинг ор-номуси, ғурури от ҳисобланади. Чаққонлик, чапдастликни ўргатади. Полвонлик суяк сурганидек, чавандозлик ҳам отадан ўғилга, бободан набирага мерос қоларкан. Шу боис олти ёшимдан бошлаб отам билан кўпкариларда иштирок этганман. Биз оиламиз билан от ишқибозимиз. Бугун эса ўғлим чавандоз. Набирам ҳам отаси изидан бормоқда.

Наврўз сайилларида ўтказилган кўпкариларда ҳикмат кўп. Бунда кишилар ният ³илиб, жалов (соврин) атайди, отга меҳр қўяди. Бундай инсонлар ёмонликдан йироқ бўлади. Неча юзлаб бедовларнинг шиддатию дукури, ҳавода қамчи ўйнатган чавандозлару томошабинларнинг қийқириғи тугаши билан от ишқибозларининг отлар ҳақидаги азалий баҳслари қайта жонланади. Кимнинг оти чопқиру кимнинг оти тоза наслдан экани ҳақидаги тортишувлар доимий мавзуга айланган.

Наврўз сайиллари халқимизга ана шундай меҳр-оқибат, куч, эзгу мақсадлар йўлида бирдамлик ҳадя этади.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.