Кончининг Самарқанддан олиб кетган кўчатлари бугун боғ бўлди
Яқинда бир киши Марказий кон бошқармаси 2-гидрометаллургия заводи ишчиси Орзубек Шодиев Зарафшон шаҳрида интенсив боғ яратгани ҳақида тўлқинланиб гапириб қолди. Бу эътироф бизда ҳам боғни кўриш иштиёқини уйғотди. Чунки табиати инжиқ, ёзи жазирамали, қиши қаҳратон келувчи бу ҳудудда боғ яратиш, ниҳол ўстиришнинг ўзи катта жасорат.
Деҳқончилик Орзубекнинг қонида бор. Худо раҳматли падари бузуруквори Баҳодир бобо элда довруқ қозонган уста деҳқонлардан бири эди. Умри давомида ер билан тиллашиб, боғ-роғлар яратган инсон бўлганини ҳозир ҳам хатирчиликлар гурунгларда кўп эслашади. Қаҳрамонимиз болалик кезларидан отаси кўмагида деҳқончиликнинг анча-мўнча ҳадисини олди. Раҳматли онаси Бувихол момо ёнида тўққиз қиз ва бир ўғил қишлоққа хос ҳаёт тарзида уй юмушларини ўрганиб, улғайди. Кейинчалик тақдир тақозоси Орзубекни Зарафшон шаҳрига етаклади. Танлаган касби ортидан 2-гидрометаллургия заводига ишга жойлашди. Шундан буён шуҳратли корхонада меҳнат қилиб келаяпти.
Орзубек шаҳарда яшаса-да, лекин доим боғ яратишни орзу қиларди. Бу иштиёқ туну кун унга тинчлик бермасди. Улуғ ниятлар уни хайрли ишга етакларди. Бир воқелик истаклар рўёбига катта тўртки бўлди. 2017 йилнинг сўнгги кунларида яқин ўртоғини шаҳар ташқарисидаги дала-ҳовлисига ташлаб қайтаётган Орзубек бироз сершовқин шаҳардан холи ҳаводан тўйиб-тўйиб олиш учун йўл четига тўхтади. Бир зум атрофга боқди. Шунда унинг қаровсиз, ташландиқ жой диққатини тортди. Яқин атрофда қўй-қўзи боқиб юрган киши олдига бориб, ундан бу жой кимга ёки қайси ташкилотга тегишли эканлигини сўради. Қўйчувон ҳам тўлиб турган эканми, бирдан арзиҳол қила кетди. Бу жойга ҳар куни одамлар, машиналар очиқдан-очиқ чиқинди ташлаб кетаётгани, ҳудуд чидаб бўлмас антисанитария ҳолга келиб қолганини, қаровсиз эканлигини куюнчаклик билан гапира кетди. Орзубек гўёки хазина топгандек бўлди. Ахир, одам қўли гул. Ерга меҳр бериб, обод қилиш мумкин. Мана шундай қалб туғёнлари унга шу кеча тинчлик бермади...
Эртаси куни шаҳар ҳокимлигига борди. Масъулларга мақсад-муддаосини тушунтирди. Кимдир яхши ташаббус дея қўллаб-қувватлади, кимдир бу ерда боғ яратиб бўларканми, деган эътирозларни билдирди. Афсуски, бундай важлар уни ниятидан тўхтата олмади. Чунки юрагидаги иштиёқ фақат яратувчанликка даъват этарди. Анча югур-югурдан сўнг маҳаллий ҳокимлик 2018 йилда унга бир ярим гектар ер ажратиш тўғрисидаги қарорини қабул қилди. Бу эрта баҳор эди. Орзубек енг шимариб, ишга киришди. Ўз сармоясидан ерни текислатди, ишчи ва техника кучларини жалб қилди, ерни чиқиндилардан тозалади. Минг машаққат билан ерни анча оби-тобига келтирди. Бу пайтда яқинлари, ҳамкасблари ҳам қараб турмади. Кўмакка келди. Қарабсизки, ташландиқ жой туппа-тузук обод манзилга айланди.
Қаҳрамонимиз ишни бошлашдан олдин уста бободеҳқонлар, мутахассислардан маслаҳат олди. Улар тавсияси билан Самарқанд шаҳридаги илмий-текшириш институтига боғ яратишни мўлжаллаган тупроқдан намуна олиб борди. Институт вакиллари таҳлилдан сўнг боғ тупроғини унумдорига алмаштириш кераклигини тавсия этишди. Бу паллада табиат энди ўйғониш даврига кирганди. Афсуски, олимлар айтган юмушни амалга ошириш осон эмас, анча вақт талаб этарди. Буни тезлик билан бажариш учун техника, ишчи кучи, катта сармоя керак эди.
Орзубек ана шундай ташвишлар билан юрган кунларнинг бирида кутилмаганда дала бошига Марказий кон бошқармасининг собиқ директори Отабек Мустақимов келиб қолди. Унинг иши билан танишди, режаларини тинглади, муаммоларини эшитди. Шунда у киши унга амалий ёрдам кўрсатишини айтди. Телефон орқали кимларгадир топшириқ берди. Кутилмаган бундай омаддан соҳибкорнинг боши осмонга етди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, қудратли техникалар, ҳамкасблар кўмакка келди. Ишонасизми, икки кунда катта майдон тўла ниҳол қадаш учун шай ҳолга келтирилди. Бундан руҳланган Орзубек Самарқандга қараб йўл олди. Кўчатчиликка ихтисослашган манзилдан беш хил турдаги интенсив, ҳосилдор олма кўчатларини харид қилди. Ҳашар йўли билан 2018 йилнинг 8 март куни ерга тўла ниҳолларни қадашга муваффақ бўлди. Мана шу кундан бошлаб қаҳрамонимиз отамерос касбини давом эттириб келаяпти. Биринчи йилданоқ боққа экилган кўчатларнинг қарийб барчаси тутиб кетди.
Фаолияти давомида боғга кон бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги кўмагида электр энергиясини тортиш, сув келтириш масаласини ҳал этди. Мана уч йилдирки, Орзубек оиласи билан ерга, кўчатларга меҳр бағишлаб келяпти. Заҳматли меҳнат ортидан кўчатлар етилиб, шундоқ шаҳар жамолига тароват бағишлаб турган, ҳавас қилса арзигулик ҳақиқий боғга айланди. Қувонарлиси, бу йилдан бошлаб интенсив боғ шиғиллаб ҳосилга кирди. Қуёш нурида акс этган олмаларни кўриб кўнглингиз яйрайди. Миришкорлар насиб бўлса, олган ҳосилининг бир қисмини бозорга чиқариб, юрт маъмурчилигига ҳисса қўшиш, элга улашиш истагида.
Дарвоқе, Орзубек Шодиев кўп йиллардан буён 2-гидрометаллургия заводида чилангар вазифасида ишлайди. Ўз касбининг устаси. Меҳнатсеварлиги орқасидан жамоада ҳурмат топганлардан. Турмуш ўртоғи Гулбаҳор Мамирова эса педагог. Айни пайтда шаҳардаги 13-умумтаълим ўрта мактабда бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. Лекин улар ҳар куни ишдан сўнг боғига шошилади. Кўчатларни парваришлайди, оралиқ экинларига ишлов беради, сигир соғади, кўркаларга дон-дўн беради. Бу уларнинг одатий, севимли ишига айланиб қолган. Бу ишларда фарзандлари Сарвиноз ва Гавҳаройлар ҳам яқин дастёр.
- Дадамиз табиатан бир сўзли одам. Айтганидан қайтмайдиган. Бундан уч йил бурун тўлиб-тошиб келиб қолди. Бир жойни кўриб келганини, ўзлаштириб боғ қилишини айтди. Шунда, қўйинг дадаси Худога шукр бировдан кам эмасмиз, иккимиз ҳам ишли бўлсак, ортиқча ташвиш кимга керак дедим, - дейди Г.Мамирова биз билан суҳбатда. - Шунда Орзубек акани барибир аҳдидан қайтара олмаслигимни сездим. Тақдирга ҳай бериб, оиламиз билан ерга меҳримизни бағишладик. Меҳнатимиз маҳсули аста-секин кўзни қувонтиргулик даражада кўрина бошлади. Боғ иккинчи уйимизга айланди. Ҳар куни ишдан сўнг боғимизга шошиламиз. Аммо ҳар гал Орзубек акани ўша пайтда ниятидан қайтаришга уринган кунимни эсласам хижолат бўламан.
Орзубек ака боғдорчилик билан тўхтаб қолгани йўқ. Тадбиркорлигини кенг тармоқли хўжаликка айлантириш ҳаракатида. Шу мақсадда ҳозиргача чорвачилик, қўйчилик, паррандачилик каби ишларни йўлга қўйган. Чет элдан келтирилган зотдор моллар ҳар биридан бугун ўртача 30 литрдан сут олиб, аҳолига улашмоқда. Келгусида тадбиркорлигини янада кенгайтириш ниятида.
Бир сўз билан айтганда, орзулари сари интилишда давом этаётган ҳамкасбимиз Орзубек Шодиев яратган боғ бугун ҳосилга кириб, ҳудудга ўзгача тароват бағишлаб, эл-юрт маъмурчилигига хизмат қилмоқда.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
журналист.