Иштихон, Пахтачи, Нарпай ва Қўшработда 100 гектардан интенсив боғ ва узумзор барпо этилади

2021 йилда янги мева-сабзавотчилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали мева-сабзавот экин майдонларининг 65-70 фоизи кластерларга бириктирилиб, экспортбоп маҳсулот етиштириш ташкил этилади.

2021-2022 йилларда вилоятимизда фойдаланишдан чиққан ва лалми, яйлов ерларда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган ҳолда 7 минг гектар майдонда янги мевали боғ ва 8 минг гектар майдонда узумзорлар барпо этилади.

Вилоятимизда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги “Агросервис оператор” ДУКнинг ҳудудий бўлими ташкил этилиб, 2021-2022 йилларда Иштихон, Пахтачи, Нарпай ва Қўшработ туманларида 100 гектардан интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиб, “тайёр ҳолда топшириш” механизми асосида тадбиркорларга берилади.

Жорий йил якунигача “in-vitro” лабораторияси мавжуд хўжалик юритувчи субъектлар билан шартнома тузиш асосида “in-vitro” шароитида етиштирилган пайвандтаглардан қудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган вируссиз интенсив мева ва узум кўчатларини тайёрлаш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилади.

Маҳаллий шароитда “in-vitro” усулида кўчат тайёрлашнинг инновацион тизимини жорий қилиш ва тадбиркорлар томонидан ушбу маҳсулотларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратилади.