Дашт ҳудудларида писта-бодом плантациялари яратиш зарурлиги айтилмоқда

Дашт ҳудудларидаги маҳаллаларнинг асосий драйвери чорвачилик, боғдорчилик ва лалмикор деҳқончилик ҳисобланади. Бироқ йилдан-йилга мавжуд экин майдонлари, яйловлардан самарасиз фойдаланиш оқибатида уларнинг ҳолати жуда аянчли аҳволга келиб қолгани, ўсимлик қатламининг йўқолиб бориши экологиянинг кескин ўзгаришига, чанг бўронларининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Халқ депутатлари Пайариқ тумани кенгаши депутати, “Накурт” МФЙ раиси К.Ўралов писта-бодом плантациялари яратиш зарурати, унинг аҳоли даромадига таъсири ҳақда ўз таҳлил ва мулоҳазаларини билдирди:

“Дашт ҳудудларида жойлашган аҳоли томорқаларидаги бўш турган ерлар, экин майдонлари, яйловларнинг ҳолатини яхшилаш, йўқолиб бораётган ўсимлик дунёсини қайта тиклаш ва “Яшил макон”га айлантириш учун қир-адирлар, тошлоқ ерларда писта-бодом плантацияларини яратиш истиқболли йўналишлардан биридир. Чунки писта дарахти қурғоқчиликка (донагидан экилса, умуман сув керак эмас), совуққа чидамли (май ойида гуллайди), кам харажат ва шифобахш (1 килограмм пистанинг нархи 120 минг сўм), узоқ умр кўради.

Бугунги кунда пистанинг асосий экспортчилари бу Эрон ва Туркия. Бу давлатларда жуда катта писта плантациялари мавжуд. Аслида писта дастлаб Ўрта Осиёда тарқалган бўлиб, кейинчалик ўтхўр ҳайвонларнинг кўпайиши, ўсиб етилиш даврининг узоқлиги туфайли қирилиб кетган ва фақатгина муҳофаза қилинадиган ҳудудлардагина сақланиб қолган. Масалан, бизнинг Накурт маҳалламиздаги Бодомчоли қишлоғида жойлашган «Пистали ота» қабристони атрофида табиий шароитда тарқалган кўп йиллик ёввойи писта дарахтлари бор.

Дашт ҳудудларида писта-бодом плантациялари яратишни босқичма-босқич амалга ошириб, биринчи босқичда аҳоли хонадонларидаги муҳофазаланган бўш ерлар, фермер хўжаликларига қарашли экин майдонларининг 5 фоизига, мавжуд яйловларнинг 10 фоизига экиш учун керак бўладиган писта ва бодом уруғлари захирасини шакллантириш, уларга кимёвий ишлов бериб сифатли экилишини ва муҳофаза тўсиқлари ўрнатилишини назоратга олиш зарур.

Муҳофазаланган ҳудудларда экилган, лекин кўкармай қолган уруғлар ўрнини тўлдириб бориш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳосилдор писта, бодом, чилонжийда каби қурғоқчиликка чидамли кўчатларни тувакчаларда етиштириш учун иссиқхоналар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Буларнинг барчаси ишсиз аҳолини иш билан таъминлаб, қақраб ётган дашт ҳудудларини ҳақиқий яшил маконга айлантириш имкониятини беради”, дейди депутат ўз мулаҳазасида.