Сарҳисоб: Пистадан лалми ғалладан кўра 40 баробар юқори даромад олинади
Пистачилик ҳозиргача Самарқандда ишга солинмаган имконият бўлиб келаётганди. Бу йўналишда 10 минг гектар майдонда пистазорлар барпо қилиш режалаштирилган. Жорий йил баҳор ойларида 1,2 минг гектар майдонда хондон писта кўчатлари экилди.
- Мисол учун, Паст Дарғом туманидаги “Чарос агро узумлари” МЧЖда 600 гектар майдонда писта парваришланмоқда, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси шуъба бошлиғи Тойир Дувланов. - Илгари ушбу майдонларда лалми ғалла экилиб, ёғингарчилик яхши бўлган йилларда гектаридан ўртача 1-1,5 тонна ҳосил олиниб, 4-4,5 миллион сўм даромад қилинган ёки ердан яйлов сифатида фойдаланиб келинган. Писта ҳосилга киргач, гектаридан 1-3 тонна (бир тупидан 5 килограмм) ҳосил олинса, 117-120 миллион сўм (улгуржи нархи бир килограмм 80-90 минг сўм) даромад олинади. (лалми ғалладан 40 баробар юқори).
Вилоятда денгиз сатҳидан 500-1200 метр баландликда пистазорлар барпо қилиш имкони бўлган 120 минг гектар фойдаланилмайдиган ер мавжуд. Агар 10 минг гектар майдонга пистазор барпо қилинса, жами 490 миллиард сўм даромад олиш мумкин.
Агрологистика - аграр соҳанинг муҳим йўналиши
Ҳозирда вилоятимизда қуввати 211 минг тонналик 10 та агрологистика маркази фаолият кўрсатмоқда. Уларда 11,5 минг гектар интенсив боғ, иссиқхона ва экин майдони, 65 минг тонна қувватдаги музлаткич ва омборхона, 70 та махсус техника мавжуд. Шунингдек, 200,2 минг тонна сиғимга эга 251 та сақлов омбори ишлаб турибди. Йилнинг биринчи ярмида қуввати 4,8 минг тонна бўлган 3 та музлаткич қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мисол учун, Булунғур туманида “Нурсултон Камронбек савдо” МЧЖ томонидан 500 тоннали сақлаш омборхонаси ташкил этилди.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил январь-июнь ойларида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти учун 182,4 миллион доллар режа қилиниб, ҳозиргача 136,4 миллион долларлик маҳсулот сотилган. Вилоятда экспорт кўрсаткичида Пахтачи 14 фоиз, Нуробод 20 фоиз, Нарпай 29 фоиз, Каттақўрғон шаҳар 38 фоиз, Иштихон 38 фоизлик паст кўрсаткич қайд этди.