Кўнгил сўраш - савоб

Самарқанд шаҳрида “Чернобилчилар” ассосиацияси вилоят бўлими томонидан тадбир ташкил этилди.

Унда 38 йил олдин "Чернобиль" АЭСидаги ҳалокат оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечираётган ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Тадбир давомида Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистонда истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақидаги республика олий кенгаши раёсати ва Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш кераклиги, ҳудудларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиш орқали ҳалокат оқибатида зарар кўрганлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак беришга оид тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш масаласи ўртага ташланди.

-  Ҳозирда вилоятимизда 383 нафар Чернобиль ҳалокати қатнашчилари бор, - дейди “Чернобилчилар” ассосиацияси вилоят бўлими раҳбари Баҳодир Сафаров. – Бугунги тадбирни ўтказишдан асосий мақсадимиз ҳам ўтганларни хотирлаш, ҳаёт кечираётганларидан кўнгил сураш, имкон қадар уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, амалий кўмак беришга қаратилган. Ишимизни янада жонлантириш учун Жиззах ҳамда Сурхондарё вилоятлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Афсуски, бу борада баъзи ишларимизни бажаришда қўлимиз калталик қиляпти. Ишонаманки, хайр-саховатли халқимиз бу қаҳрамонларимизнинг ўтганларини унутмайди ва ҳаёт кечириб келаётганларини моддий қўллайди. 

Учрушув якунида вилоят “Ҳунарманд” уюшмасининг совғаси ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг дори-дармонлари тарқатилди.

Ҳусан Элтоев.