Конигилдаги қабристон обод бўляпти

Бугун Конигил туризм маҳалласи – дунёнинг турли давлатларидан энг кўп сайёҳлар келадиган масканлардан бирига айланиб бормоқда. Чунки энг қадимий Самарқанд қоғозлари ишлаб чиқариладиган фабрика ҳам айнан шу маҳаллада жойлашган.

Аммо, ҳозир гап, бу устахона ҳақида эмас, балки шу ҳудудда жойлашган, қарийб 12 гектар майдонни эгаллаган маҳалла қабристони ҳақида.

Яқинда Конигил маҳалласининг бир гуруҳ вакиллари таҳририятимизга келиб, шу қабристонда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳақида гапириб беришди.
- Бир пайтлар тарихи 400 йилдан ошаётган мазкур қабристон олдидан ўтишга одамлар қўрқар эди, - дейди маҳалла оқсоқоли Қобил бобо Худойбердиев. - Чунки қабристон бутунлай эътибордан қолган бўлиб, атрофи девор билан ўралмаган, одам бўйи қамиш ўсиб, қаровсизликдан кўплаб қабрлар чўкиб, юришнинг имкони йўқ эди. Йиллар давомида шох-шабба ва барг-хазонлардан тозаланмас эди. Эндиликда маҳалламиз фаоллари ёрдамида обод масканга айланмоқда.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Самарқанд туманидаги “Ғалаба” хўжалиги раиси Қ.Ашуров, кейинчалик маҳалла раиси Б.Обидов бошчилигида қабристон атрофи пахса девор билан ўралиб, бир нечта қўшимча бинолар ва усти ёпиқ айвон қурилган эди. Шу билан қатор йиллар ўзгариш қилинмай қолиб кетди.

Ҳозирда 12 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи Конигил ва Жуйисой маҳаллалари аҳолиси қабристонни ободонлаштириш мақсадида яна қурилиш ва таъмирлаш ишларини бошлаб юборишди.
- Ободонлаштириш юмушларига бугунги кунда хорижда яшаб, ишлаб келаётган ўндан ортиқ маҳалладошларимиз ҳам баҳоли қудрат моддий ёрдам беришмоқда, - дейди оқсоқол Муҳаммади Нажмиддинов. – Уларнинг ташаббуслари билан қабристон ҳудудида маросимларни ўтказиш учун иккита бино, бир нечта қўшимча хоналар қурилди. 4 та кириш дарвозаси ўрнатилиб, 35 метрлик айвон қурилди.

Усталар ишига бошчилик қилаётган Икром Примқуловнинг айтишича, 4 минг метр йўлак бетонлаштирилди, қабристон ўртасида 80 метрлик айвон қад ростлади, шунингдек, 80 та ўриндиқ ҳам ўрнатилди. Минг тупдан зиёд қарағай, чинор, арча каби манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Қабрлар тартибга солиниб, ҳисоби юритилмоқда. Қабрлар ораларига йўлаклар қурилди.
Илгари қабристонни ёнидан ўтишга қўрқадиган одамлар бугун бемалол келиб ўтган яқинлари ҳақига тиловат қилишмоқда. Айниқса, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Қурбон ҳайити арафасида уларни руҳларини шод этиб, зиёрат қилувчилар сони ҳам кўпайиб боряпти.

Дилмурод Тўхтаев,
Бахтиёр Мустанов.