Конституцияни ким яхши билади?
42-моддада ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу имконият туфайли илмий тадқиқотлар қилиб, ихтиролар яратишимиз мумкин.
Биз каби вояга етмаганларнинг, шунингдек, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани Бош қомусимизнинг 45-моддасида ёзиб қўйилган...
Самарқанд шаҳридаги 67-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Меҳрибон Шавкатова “Конституция – бахтимиз пойдевори” танловининг вилоят босқичида ёзган иншосида ана шундай фикрларни баён этган.
Умуман, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 64 нафар ўқувчи Конституция ҳақидаги билими, унда белгиланган қоидаларни нечоғли пухта ўрганганини сермазмун иншо ва чизган расмларида ифодалашга ҳаракат қилди. Бу борада айниқса, Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Иштихон, Нуробод, Самарқанд ва Жомбой туманлари ўқувчилари фаол ва билимдонлиги билан тенгдошларидан ажралиб турди.
Танлов якунига кўра, Меҳрибон Шавкатова Конституция мазмун-моҳиятини иншода энг яхши ифодалагани учун биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Каттақўрғон туманидаги 39-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Маҳмуд Сафаров эса Бош қомусимизда ифода этилган энг яхши тасвирий воситалар йўналишида ғолибликни қўлга киритди. Бу икки ўқувчи энди танловнинг мамлакат босқичида Самарқанд вилояти шарафини ҳимоя қилади.