"Кўп қаватли бинонинг деворлари шамолда қулаб тушгани“га вазирлик муносабат билдирди

2020 йил 8 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли бинонинг деворлари шамолда қулаб тушаётгани акс этган видео тарқалди.

Қурилиш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат Мирзо Улуғбек тумани Тўрт ариқ кўчаси, 3 ва 5-уй манзилида жойлашган, фуқаро Р.Пишенкога тегишли бинода рўй берган.

“Мазкур бино турар жой чегара ҳудудидан чиқмаган ҳолда нотурар жой тоифасига ўтказилган. Ҳозирда “Бизнес марказ” сифатида қайта таъмирланаётган бўлган.

Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган. Маълум бўлишича, “Бизнес Марказ” биносини қайта таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари “Архитектура қурилиш интеграция ва инновация маркази” ШК томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда қурилиш-монтаж ишлари пудрат ташкилоти — “AZIMUT-MIG” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Ишчи лойиҳага мувофиқ, ташқи девор конструкциясини териш учун лойиҳада темир-бетон сердечник ва перемичкалар (деворни қаттиқ тутиб турувчи мосламалар) билан бирга газобетон блок D 500 белгиланган.

Пудратчи томонидан юртимизда карантин эълон қилингунга қадар бинонинг 3 қаватигача ташқи девор ишлари якунига етган. Бироқ карантин сабаб 4 ва ундан юқори қаватларда ташқи деворларни териш ишлари охирига етказилмай қолиб кетган. Яъни, деворларнинг охирги қатори терилмай, темирбетон сердечник ва перемичкалар ўрнатилмай қолган.

Натижада, ойна ва эшик проемлари боғланмагани туфайли 2020 йилнинг 8 май куни кузатилган кучли ёмғир ва шамол оқибатида бинонинг юқори қаватидаги ташқи деворнинг бир қисми объект ҳудудига қулаб тушган. Қўшни бино ва иншоотларга, инсонларга зарар етмаган. Шу заҳоти объектда янада кўпроқ талафотлар келиб чиқмаслиги учун юқори қаватдаги ташқи деворлар атайин бино ичкарисига демонтаж қилинган. Ҳозирги кунда объект ҳудудида тозалаш ишлари олиб борилмоқда ва ташқи деворни қуриш ишлари белгиланган норма ва меъёрлар асосида олиб борилиши қатъий назоратга олиниши маълум қилинди“ дейилади вазирлик муносабатида.