Коронавирус инфекциясидан янги зарарланиш тўлқини бўлиши мумкинми?

Бугун АОКА штабида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Хабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

❓Коронавирусдан зарарланишнинг олдини олиш мақсадида вирусга қарши бирор дори воситасини қабул қилиш керакми?

➖Бунга зарурат йўқ. Дорихоналардаги вирусга қарши препаратлар коронавирусга қарши самара кўрсатишига оид далил йўқ.

❓Коронавирус инфекциясидан янги зарарланиш тўлқини бўлиши мумкинми?

➖Хитойлик ҳамкасбларнинг тажрибасига кўра, карантиндан сўнг фақатгина четдан келганларда янги коронавирус ҳолатлари аниқланмоқда.

❓Карантин тадбирлари аста-секин енгиллаштириляпти. Кўчада одамлар кўпаймоқда. Ўзимизни қандай ҳимоя қилишимиз зарур?

➖Карантин тадбирларини енгиллатиш ёки бекор қилиш ҳамма кўчага чиқиши кераклигини англатмайди.

Энг яхши ҳимоя усули — гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ва ниқоб тақиш, имкон қадар уйда қолган маъқул.

❓Лабораториялар салоҳиятини ошириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

➖Ўзбекистонда полимераз-занжирли реакция тест текшируви учун етарли даражада лаборатория ва асбоб-ускуналар тайёрланган. Реактивлар ўз вақтида етказиб бериляпти.

Ҳозирги кунда 330 мингдан ортиқ тест текширувлари ўтказилди. Ва ҳар куни 10–12 мингта таҳлил қилиняпти.

❓Даволашнинг стандартлари ҳақида сўз очиляпти, лекин очиқланмаяпти. Нима учун?

➖Бу умуман янги турдаги инфекция бўлгани учун унинг даволаш стандартлари ва протоколлари тўғрисида гапириш жуда қийин.

Стандартлар кун сайин ўзгариб бормоқда. Шунинг учун ўзбекистонлик шифокорлар деярли ҳар куни видеоконференция орқали чет эллик ҳамкасблар билан тажриба алмашиб даволаш протоколларига ўзгартиришлар киритиб келмоқда.

❓Коронавирус инфекциясига қарши вакцина қачон тайёр бўлади?

➖Ҳозирда бир нечта мамлакатлар (100 дан зиёд лаборатория) вакцина ишлаб чиқишган ва уни кўнгиллиларда тажрибадан ўтказишмоқда.

 Ушбу вакциналарнинг самарадорлиги ва қўллашга қарши кўрсатмаларини баҳолаш ва кейин ишлаб чиқариш муддати 2020 йил охири 2021 йил бошига тўғри келади.