Коронавирус туфайли дунёнинг қимматлашган шаҳарлари рўйхати маълум қилинди
"Yeconomist Intelligencye Unit" компанияси мутахассислари ўтказган тадқиқотга кўра, коронавирус пандемияси натижасида қимматлашган шаҳарлар аниқланди. Бунда Париж (Франция), Гонконг (Хитой) ва Цюрих (Швейцария) рейтингнинг юқори поғонасини эгаллади.
Компания 133 та шаҳарнинг 2020 йил мобайнидаги нархлар динамикасини таҳлил қилди. Маълум бўлишича, Париж, Гонконг ва Цюрих ўтган йили етакчилар рўйхатида бўлган Сингапур ва Осака (Япония) эгаллаб турган тўртинчи ва бешинчи ўринларга ўтган. Таҳлилчилар бу ҳолатни пандемия бошлангач, чет эллик ишчиларнинг кетиши билан изоҳламоқда. Осакадан кейин Тель-Авив (Исроил), Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария), Лос-Анжелес (АҚШ) ва Копенгаген (Дания) ўрин олган.
Шу билан бирга, Би-Би-Си маълумотига кўра, энг катта қимматлашиш 2019 йилга нисбатан 27 поғона кўтарилган Теҳрон (Эрон)да кузатилган.
Арзон шаҳарлар рейтингига Олмаота (Қозоғистон), Каракас (Венесуела), Лусака (Замбия), Тошкент (Ўзбекистон) ва Дамашқ (Сурия) киради. Москвага келсак, у рўйхатда 106-ўринни эгаллаб турибди. Ўтган йилга нисбатан Шимолий ва Жанубий Америка, Африка ва Шарқий Европа шаҳарларида яшаш арзонлашди.
Мутахассислар, шунингдек, йирик шаҳарларда озиқ-овқат ва маиший хизматга бўлган талабни таҳлил қилиб, пандемия даврида ҳожатхона қоғози, макарон маҳсулотлари, шунингдек, алкоголь, тамаки ва компьютер ускуналари нархи ошганини, аксинча, кийим-кечак ва пойабзалга бўлган талаб нисбатан пасайгани ҳақида хулоса қилишди. Умуман олганда, динамикада кескин ошиш сезилмаган, пандемия даврида товарлар нархи барқарор бўлган.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.