Коронавирусда ўпка зарарланса асорат қолдирмаслик учун нима қилиш керак?

➖ Уҳан шаҳрида коронавирусдан соғайганларнинг 90 фоизида ҳозир ўпка яллиғланиши кузатилаётган экан. Ўпка яллиғланишини кейинчалик даволаса бўладими? Шунингдек коронавируснинг симптомсиз енгил тури ҳам ўпкани зарарлайдими?

Ушбу саволларга АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов жавоб берди:

➖ Ҳа, касалликнинг симптомсиз енгил тури ҳам 5 фоизгача ўпкани зарарлаши мумкинлиги тасдиқланган. Касаллик асорат қолдирмаслиги учун шифокор тавсияси билан ўз вақтида даволаниш муҳим.

Барча ҳолатларда ҳам ўпка яллиғланиши коронавирус туфайли келиб чиқмайди.

Пневмонияни даволашнинг самарали усуллари мавжуд ва бу касалликни даволаса бўлади.

Коронавируснинг энг катта хавфи — ўпка фибрози, яъни ўпка чандиғига олиб келишидир. Бунда вирус ҳаво етиб бориш клапанларини ёпади. Натижада бемор кейинчалик юрак ва нафас етишмовчилигидан азият чекади.

Ўпка чандиғи узоқ йилларда тикланади. Гоҳида бир умрлик ногиронликка ҳам олиб келиши мумкин.