Коронавирусга чалинган 28 беморнинг 21 нафари аҳоли орасидан аниқланган

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4 минг 994 нафарга етди. 13 июнь куни 116, касаллик қайд этилгандан буён 3 минг 874 нафар, яъни 77 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 1 минг 101 бемор даволанмоқда, 12 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Ҳурматли юртдошлар!

Карантин тадбирлари давом этяпти. Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Охирги маълумот тақдим этилгандан буён яна 28 фуқарода касаллик қайд этилди. Уларнинг 21 нафари аҳоли орасидан, жумладан, 10 нафари Тошкент вилояти, 9 нафари Сурхондарё вилояти, 2 нафари Бухоро вилоятидаги фуқароларда аниқланган.

Жамоат транспорти —автобуслар ҳаракатига рухсат берилган. Бу одамларга яратилган яна бир қулайликдир. Аммо автобусларда тирбандлик, йўловчиларнинг бир-бирига ўта яқин, зич бўлиб туриб олиши, ниқоб тақмаслик ёки ундан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Мана шундай ҳолатларда касаллик юқиши эҳтимоли йўқ эмас. Тўғри, автобусларни тез-тез дизенфекция қилиш, санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда йўловчиларни ташиш сингари масъулият автокорхоналар раҳбарлари зиммасига юклатилган. Аммо ҳар бир шахс ўз саломатлигига масъул эканини унутмаслик керак.