Коронавирусга чалинган самарқандлик беморларнинг аҳволи қандай?
Жорий йилнинг 13 апрель ҳолатида Самарқандда коронавирусга чалинган беморлар сони 5 нафарга етгани ҳақида маълумот берилди. Айни пайтда улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.
Хўш, уларнинг аҳволи қандай? Беморларга хизмат кўрсатаётган шифокорларга эътиборчи? Бу ҳақда билиш учун вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи вазифасини бажарувчи Ибодулла Каримов билан боғландик.
- Коронавирусга текширилиб, таҳлили мусбат чиққан беморлар карантинга олинган, назоратда бўлган фуқаролар эди, - деди И.Каримов. – Айни пайтда шифохонамизда заҳира учун, ҳар эҳтимолга қарши 250 ўрин шай ҳолатга келтирилган. Касаллик аниқланган беморлар карантиндаги фуқаролардан тамоман алоҳидаланган жойда даволанмоқда. Уларнинг даволаниши учун шифохонамизда барча шароит яратилган. Шифокор, ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар билан биргаликда 49 нафар киши хизмат кўрсатмоқда. Беморларнинг аҳволи яхши, бир нафари қарийб тузалиш арафасида. Ушбу беморда айни пайтда коронавирусга хос бўлган клиник белгилар даволаниши оқибатида деярли кузатилмаяпти. Шифокорлар билан ҳар куни бир неча марта видеоалоқа шаклида мулоқот қилиб, вазиятдан хабардор бўлиб турибмиз. Пойтахтлик, хорижлик мутахассислар билан ҳам касалликни даволаш бўйича доимий равишда видеомулоқот, телефон орқали сўзлашув бўлиб турибди. Самарқандлик беморлар ҳам уларнинг тавсиялари асосида тизимли даво муолажаларини олмоқдалар.
Шифокорлар барча ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморларнинг даволанаётгани туфайли бошқа турдаги юқумли касалликлар билан оғриган аҳоли учун алоҳида шифохона ажратилган. Кимёгарлар қўрғонида жойлашган шифохонада айни пайтда ушбу шифохонанинг малакали тиббиёт ходимларининг бир қисми фаолият олиб бормоқда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда вилоятимизда 2361 нафар фуқаро карантин назоратига олинган. Уларнинг 460 нафари стационар шароитидаги тиббий кузатув остида.
Гулруҳ МЎМИНОВА.