Коронавирусга қарши курашга қанча маблағ сарфланди?

2020 йил дунё давлатлари қаторида халқимиз ҳам мураккаб ва ҳар томонлама синовли кунларни бошдан ўтказмоқда. Коронавирус COVID-19 пандемияси давлатимиз ва одамлар учун оғир ижтимоий иқтисодий вазиятни юзага келтирди.

Пандемия шароитида Президентимиз ташаббуси билан халқимиз ижтимоий жиҳатдан кучли ҳимоя қилинди, ўлим ҳолати бўлмаслиги учун барча чоралар кўрилди. Тўғри, баъзи камчиликларни ҳам инкор этиб бўлмайди, жумладан, шифохоналарда жой етишмай қолиши ва дори-дармон нархларининг сунъий ошиши каби. Лекин бу камчиликлар ҳам халқимизнинг биргаликда, жипслашиб ҳаракат қилиши ва давлатимиз кўмаги билан бартараф қилинди.

Энг муҳими, чет элдан Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил қилиниб, кўпчилик давлатлар уддалай олмаган меҳр-мурувват кўрсатилди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига санитария-эпидемиология осойишталик марказларида карантинда сақланаётган фуқароларни сақлаш, жамоат жойларини дезинфекция қилиш ва эпидемик ҳолат билан курашиш бўйича бошқа тадбирларга - 82,7 млрд. сўм ажратилди.

Санитария — эпидемиология осойишталик агентлигига шахсий ҳимоя, дезинфекция, изоляция воситалари, тест (ПЦР) диагностикумлари, тиббий техника воситаларини харид қилиш учун эса 123,5 млрд. сўм сарфланди.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 107,4 млрд. сўм маблағ асосида аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси ва Зангиота туманида махсус шифохона қурилиб, Тошкент шаҳрида замонавий диагностика лабораторияси комплекси реконструкция қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши орқали 30 млрд. сўм маблағ асосида кам таъминланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 3,883 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1084,4 млрд. сўмга кўп маблағлар ажратилган.

Жорий йилнинг март ойидан июнь ойига қадар Ўзбекистонда пандемия оқибатларини, аҳолининг яшаш тарзи ва иқтисодиёт тармоқлари даражасида юмшатишга қаратилган 14 та фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Шу асосда 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 8 млн. нафардан ортиқ фуқаролар 30 трлн. сўмга яқин имтиёз ва преференцияларга эга бўлди.

Махсус сўровномалар натижасида 583 минг нафар кам таъминланган оилаларга, хусусан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 307 млрд. сўмдан зиёд маблағ етказиб берилган.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ҳамда бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган.

Халқимиз бугунги оғир синовли кунларни ўзининг метин иродаси, сабру қаноати, фидойилиги билан енгиб ўтиб, мустақил Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишига ишончимиз комил.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.